Камбағалликдан чиқиш йўли ҳар бир хонадондан бошланади
Ширин шаҳрида камбағалликни қисқартиришга энди фақат ижтимоий ёрдам нуқтаи назаридан эмас, балки ҳар бир хонадонда барқарор даромад манбаини яратиш вазифаси сифатида қаралмоқда. Кимдир доимий ишга жойлаштирилмоқда, кимдир тадбиркорликка жалб этилмоқда. Яна бир оила томорқасидан унумли фойдаланиб, асаларичилик, чорвачилик ёки паррандачилик орқали даромадини оширмоқда. Муҳими, ҳар бир хонадоннинг имкониятига мос йўл изланмоқда.
Бу ёндашув Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар асосида изчил давом эттирилмоқда.

Ширин шаҳрида 7 та маҳалла бўлиб, уларда 5 882 та оила истиқомат қилади. Йил бошида шаҳарда камбағаллик даражаси 4 фоизни ташкил этган эди. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаш, даромад манбаларини яратиш ва мавжуд муаммоларини ҳал этишга қаратилган ишлар натижасида январь–август ойларида бу кўрсаткич 3,3 фоизга тушди.
— Бугунги кунда шаҳарда 346 та камбағал оила бўлиб, уларда 910 нафар оила аъзоси яшайди. Уларнинг 112 таси давлат таъминотидаги, 233 таси камбағал ва 11 таси камбағаллик чегарасидаги оилалар ҳисобланади. Асосий вазифамиз ҳар бир оила билан алоҳида ишлаб, унинг имкониятидан келиб чиқиб даромад манбаини шакллантиришдан иборат, — дейди Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова.

Дарҳақиқат, бугун камбағаллик масаласи рақамлар ортида эмас, хонадонлар ҳаётида ҳал этилмоқда. Оилада меҳнатга лаёқатли инсон бўлса, унинг касби, қизиқиши ва имконияти ўрганилиб, доимий ишга жойлаштириш ёки тадбиркорликка жалб этиш чораси кўрилмоқда. Хизмат кўрсатишга қизиққанларга шу йўналишда фаолият бошлаш учун шароит яратилса, касб-ҳунарга эҳтиёжи борлар ўқишга жалб этилмоқда.

Бу ишларнинг натижаси бандлик кўрсаткичларида ҳам акс этмоқда. 2026 йил январь–август ойларида 474 нафар фуқарони доимий ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлса, амалда 726 нафарнинг доимий бандлиги таъминланди.
Янги иш ўринларининг 52 таси инвестиция лойиҳалари, 285 таси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, 14 таси қурилиш ишлари ҳисобига яратилди. 75 нафар фуқаро мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди. Молиявий қўллаб-қувватлаш орқали эса 300 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди.

Айниқса, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини кенгайтириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилмоқда. Бу йўналишларда белгиланган режалар мос равишда 166,7 ва 186,3 фоизга бажарилди. Бўш иш ўринларидан самарали фойдаланиш бўйича режа эса 101,4 фоизга ижро этилди.

Бироқ даромад манбасини яратиш ҳар доим ҳам янги иш ўрни очишдан бошланмайди. Ширинда бунга томорқалардан унумли фойдаланиш орқали ҳам эришилмоқда.
“Сайхунобод тажрибаси” асосида хонадонларнинг мавжуд имкониятларини ишга солиш, томорқаларда маҳсулот етиштириш, асаларичилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, кўчат етиштириш ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Фарҳод маҳалласининг Аҳиллик тор кўчасида яшовчи Алисаид ва Ҳамрохон Ортиқбоевалар хонадонига кирсангиз, бунинг оддий, аммо таъсирли мисолига дуч келасиз.
Нафақада бўлган Алисаид бобо ва Ҳамрохон ая томорқадан унумли фойдаланиб, асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланишмоқда. Хонадонда айни пайтда 25 та асалари қутиси парваришланяпти.
— Яратганга шукур, “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқада етиштираётган маҳсулотларимиз рўзғоримиз, фарзандларимиз келажагига ҳисса қўшмоқда. Бу нафақат қўшимча даромад, балки бизга катта рағбат беради, — дейди Алисаид бобо.
Ўртача ҳар бир қутидан йилига 25 килограммдан асал олинса, хонадонда 600 килограммдан ортиқ асал етиштириш мумкин. Демак, кечагина оддий томорқа бўлган ер бугун оила учун даромад келтирадиган манбага айланмоқда. Муҳими, бундай мисоллар Ширинда кўпайиб бормоқда.

— Шаҳримизда Алисаид бобо ва Ҳамрохон ая каби томорқасидан унумли фойдаланаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Хотин-қизларимиз хонадонларида интенсив усулда балиқ парваришлашни ҳам йўлга қўйган. Дарахт ва гул кўчатларини етиштириш, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланаётган оилалар ҳам бор, — дейди Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилдора Умарова.

Томорқадан унумли фойдаланиш, айниқса, хотин-қизлар учун хонадондан узоқлашмаган ҳолда даромад топиш имконини кенгайтирмоқда. Бу эса оила иқтисодиётига қўшимча маблағ кириши билан бирга, аёлларнинг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини ҳам оширмоқда.
Мирзо Улуғбек маҳалласида ҳам аҳоли даромадини ошириш борасида шундай манзилли ёндашувга таянилмоқда.

Маҳаллада 1 115 та хонадон бўлиб, уларда 3 451 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда “Сирдарё ИЭС” ва “Фарҳод” ГЭС каби йирик корхоналар аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Аҳолининг бир қисми ушбу корхоналарда меҳнат қилса, бошқалари тадбиркорлик, деҳқончилик, иссиқхоначилик, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланишмоқда.

— Маҳалламизда томорқачиликка ҳам жиддий эътибор қаратганмиз. Тўқсонбости экинларидан исмалоқ, саримсоқ, редиска, кашнич, шивит каби маҳсулотлар етиштирилиб, бозорларга чиқарилмоқда. Помидор, бодринг, картошка, сабзи, қизилча ва бошқа экинлар ҳам парваришланади. Бу маҳсулотлар, бир томондан, хонадонлар дастурхонини тўкин қилса, иккинчи томондан, ортиқчасини сотиш орқали оила даромадига хизмат қилмоқда, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умид Ҳайдаров.
Шундай қилиб, бир маҳаллада йирик корхоналар иш ўрни яратса, хонадонлардаги томорқалар оилавий даромад манбаига айланмоқда. Бу икки жараён бир-бирини тўлдириб, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Камбағалликни қисқартиришда яна бир муҳим масала — норасмий бандликни қонунийлаштириш. Шаҳарда январь–август ойларида 589 та норасмий иш ўрнини легаллаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 706 та иш ўрни расмийлаштирилди. Режа 119,9 фоизга бажарилди.
Жумладан, Солиқ қўмитаси йўналишида режалаштирилган 256 та ўрнига 285 та, Ижтимоий ҳимоя агентлиги йўналишида 34 та ўрнига 99 та, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги йўналишида 43 та ўрнига 51 та, Транспорт вазирлиги йўналишида 191 та ўрнига 217 та иш ўрни легаллаштирилди. Туризм қўмитаси йўналишида эса режалаштирилган 5 та иш ўрнидан 3 таси расмийлаштирилди.

Норасмий меҳнатнинг қонунийлаштирилиши фуқаронинг фақат ишлаётганини эмас, балки унинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси таъминланганини ҳам англатади. Шу боис бу йўналишдаги ишлар камбағалликни қисқартириш жараёнининг муҳим қисми сифатида қаралмоқда.
Ширин шаҳридаги бугунги жараёнларга назар ташланса, камбағалликни қисқартиришнинг ягона қолипи йўқлиги кўринади. Бир оила учун доимий иш ўрни муҳим бўлса, бошқаси учун томорқадан даромад олиш, яна бири учун тадбиркорликни бошлаш ёки касб-ҳунар эгаллаш энг мақбул йўл бўлиши мумкин. Шунинг учун шаҳарда асосий эътибор ҳар бир хонадоннинг имкониятини аниқлаш ва уни даромад манбаига айлантиришга қаратилмоқда.

— Келгусида ҳам камбағал оилаларнинг ҳар бири билан индивидуал ишлаш, уларнинг имкониятларидан келиб чиқиб даромад манбаларини шакллантириш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини доимий иш билан таъминлаш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб этиш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳамда янги лойиҳаларни ишга туширишга эътибор қаратилади, — дейди шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова. Зеро, камбағалликдан чиқиш фақат бир марталик ёрдам билан эмас, инсоннинг ўз меҳнати орқали барқарор даромад топиши билан мустаҳкамланади. Бу йўл эса катта дастурлардан олдин ҳар бир хонадондаги имкониятни кўра билишдан, уни ишга солишдан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири