Каденаббияда Марказий Осиёдаги минтақавий яқинлашув жараёнининг барқарорлигини таъминлаш йўллари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Италиянинг Каденаббия шаҳридаги Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Сиёсат, иқтисодиёт ва санъат соҳасидаги халқаро учрашувлар марказида “Глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё: миллий стратегиялар, минтақавий хавфсизлик ва янги ҳамкорликни шакллантириш” мавзусидаги халқаро экспертлар учрашуви ўз ишини якунлади.
Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари иштирок этмоқда. Делегациялар таркибидан парламентлар, ташқи сиёсат идоралари, эксперт ва медиа ҳамжамиятлари вакиллари ўрин олган.
Тадбирнинг биринчи кунида асосий эътибор халқаро тартиботдаги ўзгаришлар, ташқи алоқаларни диверсификация қилиш, транспорт боғлиқлиги ва минтақавий хавфсизлик масалаларига қаратилди. Иккинчи кун муҳокамаларида эса Марказий Осиёда эришилган яқинлашувнинг барқарорлиги ва ортга қайтмаслигини таъминлаш, шунингдек, унинг кенг ижтимоий таянчини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди. Асосий эътибор интеграция жараёнларида инсон омилининг ўрни, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва муштарак минтақавий ўзига хосликни шакллантиришга қаратилди.
Ўзбекистон делегацияси тақдим этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона тинчлик форумини ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи доимий халқаро майдон сифатида ривожлантириш ташаббуси тадбирда алоҳида ўрин эгаллади. Форум мулоқот маданиятини қарор топтириш, жамоатчилик ва минтақалараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Фарғона водийсининг тинчлик ва барқарор ривожланиш макони сифатидаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашишга қаратилгани қайд этилди.

“Фарғона тинчлик форуми: Фарғона водийсида ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи янги доимий платформа” мавзусидаги тақдимот билан сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш билан бир қаторда, яхши қўшничиликнинг янги муҳитини бевосита минтақа жамиятларида қарор топтириш, минтақавий ҳамкорликнинг кўлами ва мазмунини кенгайтириш ҳамда унинг ижтимоий таянчини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Форум амалий ҳамкорликни кенгайтириш, Фарғона водийсининг янги ўсиш нуқталари ва барқарор ривожланиш омилларини биргаликда излаш учун кенг қамровли майдонга айланиши лозим.
Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши 2025-йил 15–16-октябрь кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилиб, унда 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Унинг якунида Форумни мезбон томон навбатма-навбат алмашиб борадиган доимий халқаро платформа сифатида институционаллаштиришга чақирувчи қўшма коммюнике қабул қилинди.
“Фарғона форуми бир марталик тадбир эмас, балки сиёсий даражада эришилган ишончни жамиятлар ва чегараолди ҳудудлари ўртасидаги барқарор ҳамкорликка айлантирадиган доимий жараён бўлиши керак”, – дея таъкидлади А. Неъматов.
Бу борадаги ишлар амалий жиҳатдан давом эттирилмоқда. 2026-йилда Фарғона шаҳрида Форум шафелигида тинчликни барпо этиш бўйича халқаро ёшлар семинари ўтказилди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари ёшлари медиация, музокаралар олиб бориш ва низоларнинг олдини олиш кўникмаларини ўзлаштирди.
Платформа фаолиятига БМТ, ЙХҲТ, шунингдек, PeaceNexus, Гуманитар мулоқот маркази, Мартти Ахтисаари номидаги Тинчлик жамғармаси, Бергхоф жамғармаси каби тинчликпарвар ташкилотлар ва бошқа халқаро тузилмалар жалб этилмоқда.
Кейинги босқичда Форумнинг навбатдаги йиғилиши шу ойнинг охирида Хўжанд шаҳрида ўтказилади. Жойнинг танланиши алоҳида рамзий аҳамиятга эга: айнан шу ерда 2025-йил 31-март куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари энг мураккаб чегара масалаларини тартибга солиш жараёнини якунлаш бўйича тарихий келишувларга эришган эди.
А. Неъматов 2026-йил 20-май куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш” резолюциясига алоҳида эътибор қаратди. Қирғизистон томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан биргаликда илгари сурилган ҳужжат 40 та ҳаммуаллиф давлат томонидан қўллаб-қувватланди. “Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти чегара масалалари мавзусидан анча кенг. У Марказий Осиёда энг мураккаб масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида тўпланган тажриба халқаро миқёсда эътироф этилаётганини ва давлатлараро низоларни бартараф этишнинг муваффақиятли модели сифатида қизиқиш уйғотаётганини тасдиқлайди”, – деди СМТИ вакили.
Эксперт Фарғона водийсида юз бераётган ўзгаришлар маҳаллий истисно эмас, балки яхши қўшничилик ва биргаликда ривожланишга қаратилган умумминтақавий тенденциянинг ифодаси эканини таъкидлади. Чегараларнинг тартибга солиниши, транспорт алоқаларининг тикланиши, савдо ва одамлар ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши бутун Марказий Осиёда ишонч ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган кенгроқ жараённинг таркибий қисми эканлиги қайд этилди.
Бу жараён айниқса Фарғона водийсида яққол намоён бўлмоқда. Бир пайтлар мураккаб ва тарқоқ ҳудуд ҳисобланган водий тобора биргаликда ривожланиш ва амалий яхши қўшничилик маконига айланмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг яна бир муҳим ҳиссаси Марказий Осиё минтақавий ўзлигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳасининг тақдим этилиши бўлди.
СМТИ етакчи илмий ходими Шаҳло Ҳамрохўжаева гап тайёр миллий модель ҳақида эмас, балки бутун минтақанинг муштарак интеллектуал маҳсулоти ҳақида бораётганини таъкидлади.

Ҳужжатни ишлаб чиқишга Марказий Осиёнинг барча давлатларидан экспертлар – давлат ва таҳлилий тузилмалар, университетлар, илмий доиралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари жалб этилди. Лойиҳа Марказий Осиё экспертлар форуми, Термиз мулоқоти, Тошкент ва Бишкекдаги ишчи учрашувларда, шунингдек, Фарғона тинчлик форуми доирасида ёшлар билан муҳокама қилинди.
“Биз учун Концепция Марказий Осиё мамлакатлари ва жамиятларининг ҳаммуаллифлиги маҳсулига айланиши, ҳар бир давлат унда ўз қадриятлари, манфаатлари ва келажак ҳақидаги қарашларини кўриши принципиал аҳамиятга эга”, – деди Ш. Ҳамрохўжаева.
Концепциянинг асосий мақсади — эришилган яқинлашув нафақат давлатлараро келишувлар, балки одамларнинг кундалик тажрибаси орқали ҳам мустаҳкамланиши учун минтақавий ҳамкорликнинг кенг ижтимоий таянчини шакллантириш. Бунда минтақавий ўзига хослик ҳар бир давлатнинг суверенитети, миллий ўзлиги, маданий хилма-хиллиги ва мустақил танловига тўлиқ ҳурмат сақланган ҳолда, Марказий Осиёнинг тинчлиги, фаровонлиги ва келажагига дахлдорлик ҳамда умумий масъулият ҳисси сифатида тушунилади.
Шу билан бирга, Ш. Ҳамрохўжаеванинг сўзларига кўра, умумий минтақавий ўзига хослик биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ресурсига айланиши, яъни умумий таҳдидларга биргаликда жавоб бериш ва Марказий Осиё олдида очилаётган стратегик имкониятларни рўёбга чиқариш учун минтақа мамлакатларининг интеллектуал, инсоний ва ижтимоий салоҳиятини бирлаштиришга кўмаклашиши лозим.
Концепция ўзаро боғлиқ уч таянч — умумий маданий-тарихий мерос, ҳамкорликнинг замонавий тажрибаси ва келажак ҳақидаги умумий қараш асосида қурилган. Минтақа халқларининг кўп асрлик муштарак тарихи, бирга яшаш, ўзаро кўмаклашиш ва бугунги яқинлашув тажрибаси ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик, бирдамлик, умумий келажак учун масъулият, очиқлик ва хилма-хилликни эътироф этиш каби умумий қадриятларни шакллантиргани таъкидланди. Айнан шу қадриятлар Марказий Осиёнинг келажаги ҳақидаги муштарак қарашнинг асосини ташкил этиши лозим.
Бунда асосий эътибор уйғунлаштиришга эмас, балки ҳақиқий алоқаларни - таълим, ёшлар, маданий, минтақалараро ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилмоқда.
“Минтақавий ўзига хослик барчамиз бир хил бўлишимиз кераклигини англатмайди. Унинг формуласи оддий: кучли миллий ўзига хослик ва минтақа учун муштарак масъулият. Янада жипслашган Марказий Осиё ҳар бир давлатнинг имкониятларини кенгайтиради”, – дея таъкидлади СМТИ вакили.
Муҳокамалар давомида Концепцияни янада такомиллаштиришда Европа Иттифоқи ва дунёнинг бошқа минтақалари тажрибасини бегона моделларни кўчириб олмасдан, балки фойдали амалиётларни Марказий Осиёнинг тарихий, маданий ва сиёсий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қўллаш муҳимлиги қайд этилди.
Умуман олганда, икки кунлик муҳокамалар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи юзасидан умумий тушунча шаклланаётганини кўрсатди: сиёсий ишонч ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш билан бир қаторда, ижтимоий ўлчов – одамлар, ҳудудлар ва фуқаролик жамиятини яқинлашув жараёнларига жалб этиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Иштирокчилар сиёсий ишонч, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, умумий масъулият ва жамоатчилик қўллаб-қувватловининг уйғунлиги нафақат минтақавий ҳамкорликка барқарор ва ортга қайтмас тус бериши, балки мавжуд таҳдидларга биргаликда жавоб қайтариш ҳамда ривожланиш учун янги имкониятларни рўёбга чиқариш йўлида Марказий Осиё мамлакатлари ресурсларини бирлаштириши мумкин, деган якдил фикрга келди.
Шу тариқа, Марказий Осиёнинг мустақил тинчлик, яхши қўшничилик ва биргаликда ривожланиш макони сифатидаги субъектлиги мустаҳкамланмоқда.
ЎзА