
Ҳар бир фуқаро ёки тадбиркор ўзига қарашли кўчмас мулкни расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив Давлат хизматлари порталига мурожаат қилиши қонун билан белгиланган.
Хусусан, кадастр паспортини шакллантириш масаласида 2024 йилнинг ўтган даврида 39 минг 969 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, 21 минг 364 таси ижобий ҳал этилди. 6 минг 812 та кўчмас мулк янгидан ҳисобга олиниб, кадастр маълумотлар базасига жойлаштирилган.

Бу ҳақида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаларининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида қайд этилди.
Маълумки, мурожаат этувчи фуқаро барча ҳуқуқий ҳужжатларни, масалан, ер ажратиш қарорлари ёки мерос ҳужжатлари, суд қарори кабиларни Давлат хизматлари марказига топширади. ДХМ эса электрон тизим тармоғи орқали кадастр идораларига юборади. Кадастр ходимлари жойига чиқиб, ўлчов ишларини бажаради.

Тадбирда кадастр хизмати кўрсатишни яхшилаш, соҳани рақамлаштириш, шаффофлигини таъминлаш, умуммиллий бойлигимиз саналган ерни асраб-авайлаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги ишларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

– Ҳисобот даврида ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан жами 1 минг 766 ҳолатда 92,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланиб олинганлиги аниқланган ва белгиланган тартибда чора кўрилган, –дейди Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Фозилов. – Ёзма кўрсатмаларга асосан 1012 ҳолатда 36,3 гектар ихтиёрий бартараф этилиб, 516 ҳолатда 30,6 гектар бўйича судларга даъво аризалари киритилди ҳамда 100 ҳолатда 19,4 гектари юзасидан тузилган ҳужжатлар прокуратура органларига юборилган.

Матбуот анжуманда ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига масъул мутасаддилари батафсил жавоб қайтарди. Шундан сўнг, журналистлар кадастр тизими ходимларининг иш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.