Жиззахда очиқ мулоқот: ҳисобот эмас, натижа муҳим
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти тамойилларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини изчил ҳимоя қилиш ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган очиқ мулоқот тизимдаги шаффофлик ва жамоатчилик назоратининг амалий ифодаси бўлди.
Тадбирда бошқарманинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ва 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлари атрофлича сарҳисоб қилинди. Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот анъанавий ҳисобот шаклидан фарқли равишда, жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммолари тингланган самимий мулоқот майдонига айланди.
Келтирилган рақамлар ортида минглаб фуқароларнинг тақдири ва тадбиркорлар манфаати мужассам. Хусусан, 2025 йил давомида бошқармага 2000 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида бу кўрсаткич қарийб 700 тани ташкил этди. Бу эса аҳолининг тизимга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
[gallery-28637]
Рақамлар сўзлаганда:
- Ўтган йил давомида 48 мингдан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига қарийб 10 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
- Жорий йилнинг биринчи чорагида 4500 нафарга яқин фуқаронинг манфаати ҳимоя қилиниб, 1,4 миллиард сўм маблағ қайтарилиши таъминланди.
Шу билан бирга, рақобат муҳитини соғломлаштириш йўлида 1800 дан ортиқ тендер савдолари таҳлил қилинди. Натижада 1300 дан зиёд жараёнда рақобатга зид ҳолатлар аниқланиб, бозорда ҳалол «ўйин қоидалари»ни бузган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Реклама қонунчилигига риоя этилиши ҳам бошқарма диққат марказида бўлди. 3400 дан ортиқ реклама объектлари ўрганилиб, аниқланган 300 га яқин камчиликлар жойида бартараф этилди.
— Биз учун энг муҳим мезон — инсон манфаати, — дейди Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Маматқулов. — Ҳар бир мурожаат ортида аниқ бир тақдир турибди. Рақобат бор жойда сифат ва танлов имконияти бўлади. Шу боис, биз нафақат қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, балки уларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқот бу йўлдаги энг самарали воситадир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинми, бозор муносабатлари чуқурлашаётган бугунги шароитда рақобатни ҳимоя қилиш фақат иқтисодий тушунча эмас, балки ижтимоий адолатни таъминлашнинг бош гаровидир. Очиқ мулоқот якунлари соҳада тизимли ёндашув ва шаффофликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари