Жиззах вилоятида Ўзбек тили байрами кенг нишонланди
Жиззах вилоятида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ушбу сана доирасида ўтказилган ижодий учрашувлар ва шеърият кечалари она тилимизнинг бой имкониятларини намоён этиш ҳамда ёш авлодда миллий ғурурни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши халқимиз тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Истиқлол арафасида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонун миллий ўзликни англаш ва тилимизнинг жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида янги даврни бошлаб берди.


2019 йил 21 октябрда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 2020 йил 10 апрелда эса “Ўзбек тили байрамини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, 21 октябрни ҳар йили нишонлашнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди.
Бугун бу байрам шунчаки тарихий санани ёдга олиш эмас, балки она тилимизга бўлган муносабатимизни сарҳисоб қилиш, унинг бой имкониятларини кенг намоён этиш ва ёш авлод қалбида миллий ғурурни мустаҳкамлаш имконияти ҳамдир.


Жиззах вилоятида ҳам сана муносабати билан шаҳар ва туманларда маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, шеърият кечалари ва таълимий машғулотлар ташкил этилди. Уларнинг барчасини бир мақсад – ўзбек тилининг қадрини улуғлаш, софлигини асраш ва уни келажак авлодга бой маънавий мерос сифатида етказиш бирлаштирди.
Зафаробод туманидаги Алишер Навоий хиёбонида ўтказилган тадбирда вилоятдан ташриф буюрган меҳмонлар, туман ҳокими, таълим муассасалари вакиллари, ўқувчилар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди. Йиғилганлар эътибори ўзбек тилининг миллат маънавияти ва маданиятидаги ўрни, унинг нуфузини янада юксалтириш ҳамда ёшларда она тилига меҳр-эҳтиромни кучайтириш масалаларига қаратилди. Тадбир сўнггида иштирокчилар буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Бу рамзий маросим шоир меросига эҳтиром ва она тилимизга садоқат ифодаси бўлди.


Ғаллаорол туманидаги байрам дастурига эса истеъдодли ёшлар, санъаткорлар ва ижодкорларнинг чиқишлари файз бағишлади. Янграган куй-қўшиқлар, шеърлар ва бадиий чиқишлар орқали ўзбек тилининг нафосати, бойлиги ва миллий қадриятларимизни ифода этишдаги имкониятлари намоён бўлди. Байрамона руҳда кечган тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиш билан бирга, она тилига муҳаббат туйғуларини ҳам мустаҳкамлади.
Шароф Рашидов тумани ихтисослаштирилган мактабида ташкил этилган тадбирлар эса ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилди. “Она тилим, буюкликда энг баланд тоғлар!” шиори остида ўтган учрашувда шоирлар, соҳа мутахассислари, ўқитувчилар ва ота-оналар қатнашди. Очиқ дарслар, иншолар танлови, “Эртаклар – яхшиликка эртаклар” номли саҳна кўринишлари ва оммавий диктантлар ўқувчиларни тил бойлигини чуқурроқ англашга, уни тўғри ва равон қўллашга ундади. Фаол иштирокчилар ва ғолибларнинг рағбатлантирилиши эса ёшларнинг ижодга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлади.


Мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Санобар Сафарова она тилини миллат маданияти, урф-одатлари ва тараққиётини кўрсатувчи ойнага қиёслади. Унинг таъкидлашича, миллий тил байроқ, мадҳия ва герб каби азиз қадриятлардан бири бўлиб, унда халқнинг руҳи ва дунёқараши акс этади.
Дарҳақиқат, тилнинг қадри фақат байрамларда айтилган самимий сўзлар билан эмас, балки кундалик ҳаётдаги муносабатимиз билан ҳам белгиланади. Саводли ёзиш, равон сўзлаш, адабий тил меъёрларига риоя қилиш, китоб мутолаасига интилиш она тилига ҳурматнинг амалий ифодасидир.

Зарбдор туманидаги тадбирда ҳам ана шу эзгу ғоялар ўз ифодасини топди. Тумандаги 3- умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда маданият бўлими санъаткорлари тайёрлаган чиқишлар байрам дастурининг мазмунини бойитди. Шеърий чиқишлар, бадиий ифодалар ва куй-қўшиқлар орқали она тилимизнинг жозибаси, маънавий қудрати ва қалбларга яқинлиги яна бир бор намоён бўлди.
Бу каби тадбирларнинг аҳамияти саҳнада янграган шеърлар ёки байрамона учрашувлар билангина чекланмайди. Уларнинг энг муҳим натижаси ёш авлодни ўз тилини танийдиган, қадрлайдиган ва унинг келажаги учун масъулиятни ҳис этадиган инсонлар этиб тарбиялашдир. Зеро, она тилига муҳаббат, аввало, унинг ҳар бир сўзини эъзозлаш, маъносини англаш ва имкониятларидан ўринли фойдаланишдан бошланади.

Жиззах вилоятидаги тадбирларда илгари сурилган ғоялар барчага бир ҳақиқатни эслатади: тилни асраш фақат тилшунослар ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир оила, ҳар бир таълим даргоҳи, ҳар бир ташкилот ва бутун жамиятнинг умумий масъулияти. Она тилимизнинг софлиги, нуфузи ва тараққиётига қўшилган ҳар бир ҳисса миллий маънавиятимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбек тили бизнинг тарихимиз, бугунимиз ва келажагимиз. У авлодларни боғлайди, қалбларни яқинлаштиради, миллатнинг маънавий қиёфасини намоён этади. Уни эъзозлаш эса фақат бир кунлик байрам эмас, балки ҳар куни амалга оширилиши лозим бўлган шарафли бурчдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири