JDS дастурининг янги босқичи: сунъий интеллект, “ақлли шаҳарлар” ва замонавий бошқарув
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликда инсон капиталини ривожлантириш, давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини юксалтириш ва илғор халқаро тажрибани давлат бошқаруви амалиётига жорий этиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Мазкур йўналишда Япония халқаро ҳамкорлик маркази ((JICE) билан Инсон ресурсларини ривожлантириш стипендия дастури – JDS доирасидаги ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б. У. Ҳусаинов JICEнинг Ўзбекистондаги JDS лойиҳаси офиси минтақавий лойиҳа раҳбари Томоми Игараши билан учрашди.
Мулоқот давомида JDS дастурини янги ривожланиш устуворликлари асосида такомиллаштириш, унинг қамровини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон давлат сектори учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, JDS дастури учун 2027-2028 ўқув йилида магистратурага қабул жараёнларини ташкил этиш, дастурни такомиллаштириш ва юқори малакали номзодларни жалб этиш, таълим йўналишларини экологик барқарорлик, иқлим ўзгаришларига мослашувчанлик ва бошқа замонавий ривожланиш устуворликларига мослаштириш, Япония тажрибасини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш – сейсмик хавфларни бошқариш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик, барқарор инфратузилма, рақамли эгизаклар (Digital Twins) GIS ҳамда интеллектуал транспорт тизимлари каби йўналишларда билим ва кўникмаларни ривожлантириш, JDS битирувчилари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг Ўзбекистонга қайтгач касбий ривожланиши ва давлат бошқаруви тизимига қўшаётган ҳиссасини тизимли мониторинг қилиш, шунингдек, истиқболли битирувчиларни давлат фуқаролик хизмати учун миллий кадрлар захирасига жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида JDS дастурини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш, уни Ўзбекистоннинг стратегик устувор йўналишлари билан уйғунлаштириш ҳамда замонавий билим ва илғор Япония тажрибасини давлат бошқаруви амалиётига кенг татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ Бошқарув самарадорлиги агентлигига давлат хизматчилари учун хорижда ўқиш имкониятини берувчи халқаро стипендия дастурларига "Миллий ҳамкор" функциясини амалга ошириш юклатилган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш доирасида Япония халқаро ҳамкорлик маркази “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” JDS лойиҳаси билан олиб борилган музокаралар натижасида мазкур лойиҳанинг ташкилий қўмитасига раислик этувчиси сифатида Бошқарув самарадорлиги агентлиги вакили белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА