Жанубий Кореядаги супермаркетда 60 ёшли шахс одамларга пичоқ билан ташланди
“Reuters” хабар беришича, Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳридаги супермаркетда эркак киши фуқароларга пичоқ билан ҳужум қилган. Оқибатда 8 киши жароҳатланди, жабрланганлардан бирининг юраги тўхтаган.
Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари гумонланувчини қўлга олган ва ҳужум сабаби ҳамда тафсилотини ўрганмоқда. “Yonhap” ахборот агентлиги гувоҳларга таяниб ёзишича, қўлларига пичоқларни боғлаб олган шахс савдо мажмуасининг бир неча қавати бўйлаб ҳаракатланиб, йўлида дуч келган одамга жароҳат етказган ва атрофдагилар томонидан ушланиб, полицияга топширилган.
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, қўлга олинган кимса 60 ёшларда бўлиб, оёғида электрон кузатув узуги бор экан. Жабрланганларнинг 6 нафари аёл, иккиси эркак. Оғир аҳволдаги 20 ёшли жувоннинг юраги урмай қолган. Дарвоқе, Сеул яқинида жойлашган Инчхонда мамлакатнинг бош аэропорти жойлашган.
Кореяда 2023 йил ҳам бир неча инсонни ҳаётдан олиб кетган оммавий пичоқли ҳужум содир бўлган. Шу йил май ойида эса Квангжу шаҳрида 20 ёшли эркак 17 ёшли қизни пичоқлаб ўлдиргани ва яна бир ўсмирни жароҳатлагани учун суд томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА