Жанубий Корея сармояси 7,5 миллиард доллардан ошган
Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабати кўп йиллик тарихий-маданий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларга асосланган. Икки халқнинг айрим маданий қадрият, анъана ва ижтимоий-ментал хусусиятидаги муштарак жиҳатлар алоқалар ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, мамлакатимизда истиқомат қилувчи корейс диаспораси вакилларининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига фаол интеграциялашуви ўзаро дўстлик риштаси мустаҳкамланишида муҳим омилдир.
Географик масофа нисбатан узоқлигига қарамай, Ўзбекистон ва Жанубий Корея илмий-техникавий ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Илм-фан, инновация ва замонавий технология соҳасидаги илғор тажрибани ўзаро алмашиш, шунингдек глобал ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича қараш яқинлиги стратегик ҳамкорлик янада чуқурлашиши учун муҳим замин яратган.
– Сўнгги йилларда таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети катта ўқитувчиси Шоҳруҳ Мардонов. – Бугунги кунда Ўзбекистонда Корея Республикаси етакчи олий таълим муассасаларига тегишли 4 филиал фаолият юритаётгани таълим алоқалари ривожи даражасини кўрсатади. Жанубий Кореяда 11 000 дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётгани инсон капиталини ривожлантириш, академик мобиллик ва билим алмашинуви кўлами кенгайиб бораётганидан далолат.

Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистон ва Жанубий Корея иқтисодий ҳамкорлиги ҳам сезиларли даражада кучайди. Устувор йўналишлар қаторига “яшил” энергетика, рақамли технология, машинасозлик, кимё саноати, электротехника, тўқимачилик, инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарсозлик ва бошқа юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган соҳалар киради. Ушбу йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш иқтисодиётимиз технологик модернизациясини жадаллаштириш учун яхши имкон яратмоқда.
Шоҳруҳ Мардоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида ҳам Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик янги механизми шаклланмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма қўмита 12 марта йиғилиш ўтказгани икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқани институционал жиҳатдан ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Жанубий Корея капиталининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштироки йил сайин кенгаймоқда. Мамлакатимизда Корея капитали иштирокида фаолият юритаётган 726 корхонанинг 46 таси жорий йил январь-апрель ойларида ташкил этилган. Корея Республикасидан Ўзбекистонга жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестиция 7,5 миллиард доллардан ошгани ҳам сармоявий ҳамкорликнинг юқори салоҳиятини намоён этади. Айни вақт 40 сармоявий лойиҳа амалга оширилаётгани шерикликнинг амалий кўламини янада кенгайтирмоқда. 2025 йил якуни бўйича икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1,78 миллиард долларни ташкил қилди.
Жанубий Корея етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий ҳамкорлик ривожлантирилиши иқтисодиётимизнинг алоҳида тармоқларига замонавий технология жорий этиш имкониятини оширмоқда. Жумладан, Ўзбекистон – Жанубий Корея ўқув-амалий тўқимачилик парки, Ноёб металлар ва қотишмалар илмий-технологик маркази, Қишлоқ хўжалиги техникаси конструкторлик-технология маркази ҳамда “Электрон ҳукумат” соҳасидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея маркази каби лойиҳалар технологик ва институционал ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда.

Савдо алоқаларини кенгайтириш доирасида Ўзбекистондан Жанубий Корея бозорига 50 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун фитосанитар рухсатнома олинган. жараённи янада фаоллаштириш мақсадида Сеул шаҳрида Ўзбекистон – Жанубий Корея савдо уйи ташкил этилиши ҳам муҳим амалий қадамдир. Мазкур тузилма Ўзбекистон товар ва хизматларини Корея бозорида илгари суриш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бевосита бизнес алоқаларини ривожлантириш ва янги савдо ҳамкорлари жалб этиш учун қўшимча имконият яратади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабати сиёсий-дипломатик алоқалардан ташқари таълим, илм-фан, инновация, сармоя, савдо, технология, маданият ва туризм каби кўплаб йўналишларни қамраб олган стратегик шериклик тизимига айланмоқда. Мазкур ҳамкорлик кенгайиши Ўзбекистон учун замонавий технология ва сармоя жалб этиш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг юқори қўшилган қийматли тармоғини шакллантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Гўзал Сатторова, ЎзА