Жамшид Қўчқоров JBIC вакиллари билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) катта бошқарувчи директори ва директорлар кенгаши аъзоси Хироки Секине ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва JBIC ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, амалга оширилаётган ташаббусларни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, томонлар давлат-хусусий шериклик асосидаги инфратузилма ташаббуслари, жумладан, соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларидаги лойиҳалар, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилган.
Шу билан бирга, лойиҳаларга япон компанияларини жалб қилиш ва уларни молиялаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА