Жалолиддин Асамутдинов: «Инсон дардига даво излаб келган жойда адолат излашга мажбур бўлмаслиги керак»
Тиббиётга ишонч шифохона қабулхонасидан бошланади. Навбатнинг адолатлилиги, тўловнинг шаффофлиги, шифокорнинг муносабати – бемор ислоҳотларни, аввало, шу мезонлар орқали баҳолайди. Янги бино ва замонавий жиҳозлар қанчалик муҳим бўлмасин, фуқаро хизмат олиш учун таниш изласа ёки норасмий тўлов қилишга мажбур бўлса, ислоҳотнинг самараси сезилмайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимида очиқлик, ҳисобдорлик ва коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Жалолиддин Асамутдинов билан суҳбатлашдик.
– Коррупцияга қарши кураш натижасини бемор нимада ҳис қилиши керак?
– Бемор ислоҳотни ўзи олган тиббий ёрдам орқали баҳолайди: шифокор қабулига кирдими, зарур муолажани олдими, ортиқча харажат қилмадими – асосий мезон шу.
Соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағ ва яратилаётган имконият беморга етиб бориши керак. Коррупция эса шу йўлда тўсиқ пайдо қилади. Дори таъминотидаги қонунбузилиш ҳам муассасага, ҳам беморга зарар келтиради. Ишга қабул қилишдаги адолатсизлик эса малакали мутахассиснинг имкониятини чеклайди.
Шунинг учун тиббиётда ҳалоллик хизмат сифати билан бевосита боғлиқ. Фуқаро ўз қонуний ҳаққини олиш учун кимнингдир марҳаматига муҳтож бўлмаслиги керак.
– Ўрганишлар муаммонинг илдизини нимада кўрсатяпти?
– Айрим қонунбузилишлар иш жараёнининг нотўғри ташкил этилганидан келиб чиқяпти. Масалан, муассасада пуллик хизмат бор, аммо тунги вақтда тўловни расмий қабул қилиш тартиби ишламайди. Бемор ёрдамга муҳтож, кассир йўқ – ноаниқлик пайдо бўлади.
Шунинг учун фақат «қоидани бузманг» дейиш етарли эмас. Қоидага амал қилиш учун шароит ҳам яратилиши керак.
Ҳозир пуллик тиббий хизматлар, дори таъминоти, давлат харидлари, тиббий суғурта, лицензиялаш ва ишга қабул қилишда коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлашга эътибор қаратилмоқда.
– Бундай катта тизимда комплаенс назорати қандай йўлга қўйилган?
– Вазирлик тизимида юридик шахс мақомига эга 4 123 та ташкилот ва тиббиёт муассасаси бор, соҳада қарийб 600 минг нафар ходим ишлайди. Шу боис, назоратнинг жойларда ишлаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
14 та ҳудудий бошқарма ва 63 та тизим ташкилотида коррупцияга қарши ички назорат бўйича масъул лавозимлар жорий этилди. Улар тўғридан-тўғри вазирга бўйсунади ва ҳисобот беради.
Комплаенснинг вазифаси камчиликни яшириш эмас, уни вақтида кўриш, ечим таклиф қилиш ва бажарилишини назорат қилишдир.
– Назорат натижасида қандай ҳолатлар аниқланди?
– 2026 йилнинг биринчи ярмида коррупция хавфи юқори йўналишларда 451 та ўрганиш ўтказилиб, 498 та коррупциявий омил ва қонунбузилиш аниқланди.
Жами 57,5 миллиард сўмлик молиявий зарар қайд этилди. 12,8 миллиард сўмнинг мақсадсиз сарфланиши олди олинди, етказилган зарарнинг 63,9 миллион сўми ундирилди.
Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағларидан фойдаланишда 30 дан ортиқ қонунбузилиш ва 46,9 миллиард сўмлик мақсадсиз сарф аниқланди. Давлат тиббиёт муассасаларига тегишли 165,4 гектар ер ва 251 та кўчмас мулк объектини вазирлик розилигисиз бегоналаштириш ҳолатлари бўйича материаллар Бош прокуратурага юборилди.
Биз учун аниқланган ҳолатни ҳисоботга киритиш билан иш тугамайди. Асосий натижа – худди шу қонунбузилишни яна такрорлашга имкон берган салбий ҳолатларни бартараф этиш.
– Давлат маблағларини асраш, ҳисобдорликни кучайтириш бўйича қандай натижалар бор?
– Давлат харидларида нархнинг асосланганлиги, шартнома шартлари ва кафолат мажбуриятларига назорат кучайтирилди.
Натижада тиббий жиҳозлар бўйича кафолат мажбуриятларини кузатиш механизми йўлга қўйилди. Таҳлилларга кўра, 247 миллиард сўм маблағ тежалди, 10 миллиард сўмлик ортиқча режалаштиришнинг олди олинди.
Вазирлик марказий аппаратида тузилган 189 та хўжалик шартномасининг барчасига коррупцияга қарши қоидалар ҳам киритилди.
– Тизимдаги ходимларда шахсий манфаат хизмат вазифасига аралашмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда?
– Манфаатлар тўқнашувини олдиндан очиқлашга эътибор кучайтирилди. 2026 йилда 15 806 нафар ходим эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида йиллик декларация тўлдирди. Ишга қабул қилинаётган 280 нафар номзод қонунчиликдаги чекловлар бўйича текширилди.
Бухоро ва Самарқандда 339 та манфаатлар тўқнашуви, жумладан, қариндош-уруғчилик билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилди.
Масала қариндошликнинг ўзида эмас. Муҳими, хизмат ваколати шахсий манфаатга хизмат қилиб қолмаслиги. Харид ҳам, ишга қабул қилиш ҳам холис мезонга таяниши керак.
– Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган раҳбар ва ходимларга қандай чора кўрилмоқда?
– Қонунбузилиш жавобсиз қолмаслиги керак. 164 та хизмат текшируви натижасида 74 нафар мансабдор шахс ишдан бўшатилди, 300 нафари интизомий, 2 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 14 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Агар мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларида 142 нафар ходимга чора кўрилди: 104 нафарига ҳайфсан, 36 нафарига жарима қўлланилди, 2 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шу йўналишда икки ҳолат бўйича 2 миллиард 728 миллион сўм маблағнинг ноқонуний сарфланиши олди олинди.
– Соҳада назорат ва жазодан ташқари, ҳалоллик муҳитини шакллантиришда ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қай даражада эътибор қаратилмоқда?
– Ходим қоидани билиши, хавфли вазиятни таниши ва қандай йўл тутишни тушуниши керак.
«Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси»да 3 231 нафар бошқарув ходими, бошқа ўқув курсларида 1 584 нафар ходим ўқитилди. «Тиббиётда коррупциянинг олдини олиш» махсус курсида 2 442 нафар талаба ҳамда 51 243 нафар шифокор ва ўрта тиббиёт ходими иштирок этди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Харидлар марказида ISO 37001:2025 халқаро стандарти жорий этилди. Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги рейтингида вазирлик 83 балл билан «яхши» натижа қайд этди.
Аммо ўқитишнинг ҳақиқий самараси кундалик қарорда кўринади. Ходим манфаатлар тўқнашувини вақтида очиқласа, раҳбар асоссиз тўловга йўл қўймаса, масъул шартнома ижросини талаб қилса, билим амалиётга айланган бўлади.
– Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнлари қандай йўлга қўйилган?
– Фуқаронинг мурожаати амалда вазият қандай эканлигини кўрсатади. Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун «1203» қисқа рақамли Call-маркази кечаю кундуз ишлаяпти.
Сайёр қабулларда 199 та мурожаат қабул қилиниб, 151 таси жойида ҳал этилди.
Ғиждувонда 350 нафар, Давлатободда 400 нафар, Ургутда 290 нафар фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Уч ҳудуддаги 110 та даволаш-профилактика муассасасида «Очиқ эшиклар куни» ташкил қилиниб, қарийб 4 500 нафар аҳолига ислоҳотлар мазмуни тушунтирилди.
Лекин ҳамма ҳам шикоят билан мурожаат қилавермайди. Шунинг учун бемор ва ходимлар фикри сўровномалар орқали ҳам ўрганилмоқда. Шундай сўровномалардан бирида 54 784 нафар респондент иштирок этди.
– Бу сўровномалар тизимдаги эҳтимолий коррупция манзарасини кўрсата олдими?
– Ўтказган сўровномаларимизда беморларнинг 0,8 фоизи шифокорга пул ёки совға берганини, ходимларнинг 1,8 фоизи ишга қабул қилинишида раҳбарга пул берганини айтган. Яна 2,7 фоиз ходим раҳбарни байрамларда қимматбаҳо буюм ёки пул билан табриклаганини билдирган.
Беморларнинг 4,7 фоизи текширувлар учун пул тўлаганини айтган. Бу тайёр ҳуқуқий хулоса эмас. Хизмат пуллими ёки бепул, тўлов расмий қабул қилинганми – алоҳида ўрганилиши керак.
Лекин фоиз кичик экан, муаммо ҳам кичик, деган қараш нотўғри. Бизнинг мақсадимиз – фуқарода «ҳаққимни олиш учун кимнидир рози қилишим керак» деган хато тушунчага ўрин қолдирмасликдир!
– Тизимда тиббий хизмат амалда қандай кўрсатилаётгани ҳам бевосита текшириляптими?
– Ҳа. Шу мақсадда «сирли мижоз» амалиёти йўлга қўйилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда Тошкент шаҳридаги айрим туғуруқ бўлимларида туғуруқ учун 800 минг сўмдан 5 миллион сўмгача маблағ талаб қилинган ҳолатлар аниқланган.
Шу боис, 218 та туғуруқхонада коррупциявий ҳолатлар ва омилларни бартараф этиш бўйича 2026 йилга мўлжалланган йўл хариталари тасдиқланди.
– Хусусий тиббиётда, хусусан лицензиялашда қандай ўзгаришлар кутиляпти?
– Лицензиялашда тадбиркор учун талаб тушунарли, экспертиза мезони аниқ, хулоса эса асосланган бўлиши керак.
2026 йилги устувор вазифалар қаторига лицензия беришда экспертиза текширувлари ва хулосаларни тақдим этишдаги коррупциявий омилларни бартараф этиш киритилган.
Бу тадбиркор учун асоссиз тўсиқларни камайтириш, бемор учун эса муассасанинг белгиланган талабларга холис баҳоланиши дегани.
Шунингдек, «Рақамли комплаенс» платформасини интеграция қилиш, муассасаларнинг «коррупциявий хавф-хатарлар паспорти»ни шакллантириш ва уларни хавф даражасига қараб тоифаларга ажратиш режалаштирилмоқда.
– Бу механизмлар амалда қандай натижаларга олиб келиши мумкин?
– Ҳар бир муассасанинг хавфи ҳар хил. Бир жойда харидлар, бошқасида пуллик хизматлар, яна бирида кадрларга оид қарорлар кўпроқ эътибор талаб қилиши мумкин.
Муассасаларни «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратишдан мақсад – назоратни аниқ хавфга йўналтириш.
Рақамлаштириш доирасида ҳозиргача 62 та модул ишга туширилган. Коррупциявий омиллар бўйича 56 та таклиф ишлаб чиқилиб, 9 таси амалиётга татбиқ этилган.
Аҳоли эса натижани тизимнинг номи билан эмас, тўловларнинг очиқлиги, оворагарчиликнинг камайиши ва мурожаатига ўз вақтида муносабат билдирилиши орқали ҳис қилиши керак.
– Сиз учун айнан шу йўналишдаги ислоҳотларнинг энг муҳим мезони нима?
– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси аҳоли ҳаётида сезилиши керак.
Бемор шифохонага келганда таниш изламаса, хизмат тартибини олдиндан билса, тўловнинг асоси ва миқдори очиқ кўрсатилса, шикоят қилишдан чўчимаса – ўзгариш шунда сезилади.
Тиббиёт ходими ҳам адолатни ҳис қилиши керак. Унинг билими ва меҳнати қадрланса, раҳбарнинг талаби барчага бир хил бўлса, ҳалол ишлашга рағбати кучаяди.
Фуқаро ўз дарди билан бирга тизимнинг камчилигини ҳам кўтариб юришга мажбур бўлмаслиги керак. Қонунбузилишга йўл очган ҳолатни тузатиш, маблағни асраш ва хизматни очиқ ташкил қилиш – раҳбар ва масъулларнинг вазифаси.
Инсон дардига даво излаб келган жойда адолат излашга ҳам мажбур бўлмаслиги керак.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Моҳигул Қосимова суҳбатлашди.