Жаҳон тажрибаси ва миллий ёндашув
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар қаноти” ҳамда Тўрткўл туман Кенгаши ташаббуси билан “Камбағалликни қисқартириш: жаҳон амалиёти ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида мазмунли давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур давра суҳбати партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилиб, унда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва манзилли ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида ёшлар, партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва соҳанинг мутахассислари иштирок этиб, камбағалликни қисқартиришнинг замонавий ёндашувлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, жаҳон амалиётида синовдан ўтган механизмлар, уларнинг афзаллик ва камчиликлари қиёсий таҳлил қилинган ҳолда, Ўзбекистон шароитига мос ечимлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. “Ижтимоий ҳимоя дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” каби механизмлар орқали манзилли ёрдам кўрсатиш амалиёти самарали натижалар бермоқда.
Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари камбағалликни қисқартириш фақатгина молиявий кўмак билан чекланиб қолмаслиги, балки инсон капиталига сармоя киритиш, таълим ва касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш орқали барқарор натижаларга эришиш мумкинлигини алоҳида қайд этдилар.

Давра суҳбати якунида мазкур йўналишда партия ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир иштирокчилари бундай мулоқот майдони долзарб муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этишини, айниқса ёшларнинг фаол иштироки янги ғоя ва ташаббусларни юзага чиқараётганини таъкидладилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.