Истеъдодли ёшлар маскани
Президентимизнинг 2025 йил 28 июлда “Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодий мактаби анъаналарини муносиб давом эттиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилганига кўп бўлмади. Бу қисқа вақт мобайнида эса салмоқли ишлар амалга оширилди.
– Қарорда маданият ва санъат соҳаси учун замонавий талабларга жавоб берадиган ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги асосида миллий мусиқа санъати ва бадиий ижодни ривожлантириш, миллий қўшиқчилик ва ижрочилик санъати ҳамда ижро анъаналарини ўрганиш, тадқиқ этиш ва муносиб давом эттириш, миллий қўшиқчилик ва ижро санъати бўйича Шерали Жўраев номидаги танловни ўтказиб бориш каби қатор вазифалар белгиланган, – дейди мактаб директори Мирмуҳсин Ғафуров. – Шунингдек, мактабда Шерали Жўраев ижодий йўналиши ва фаолияти бўйича илмий-ижодий лаборатория фаолияти йўлга қўйилди. Бу, албатта, Президентимиз томонидан мусиқа ва санъат соҳасига, ушбу йўналишда истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришга кўрсатилаётган эътиборнинг намунасидир. Қолаверса, ўтган қисқа давр ичида кўплаб ўқувчиларимиз, республика, халқаро миқёсдаги танловларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди.
[gallery-31543]
Мусиқа – инсонларни эзгулик оламига етакловчи маънавий восита ҳисобланади. Мусиқа деб аталмиш илоҳий мўъжизани англаш, уни тушуниш, таъсирини сезиш учун ҳеч қандай таржимоннинг кераги йўқ. Шу маънода айтиш жоизки, мусиқа ва санъат соҳасида юзлаб истеъдодларни бағрига олган Шерали Жўраев номли мусиқа ва санъат олий мактабида ёш истеъдодларни тарбиялаш, камолга етказиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Умумий майдони беш минг квадрат метр бўлган, замонавий биноларга эга мазкур билим даргоҳида ёшларнинг пухта билим олиши, мусиқа ва санъатнинг ўзига хос сир-асрорларини мукаммал эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. 720 ўринга мўлжалланган мактабда мавжуд ихтисослик йўналишлари бўйича 186 та синф хонаси, 4 та катта ва кичик зал, концерт зали, 13 та техник ва ёрдамчи хоналар зарур жиҳозлари билан таъминланган.
Айни кунда мактабда фортепиано, торли чолғулар, анъанавий хонандалик, эстрада хонандалиги, дамли зарбли чолғулар, халқ чолғулари, эстрада чолғулари, тасвирий санъат, халқ рақси ижрочилиги сингари 17 та таълим йўналиши бўйича 573 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Мактабнинг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди. Айниқса, синф ва машғулотлар хоналари зарур жиҳозлар, мусиқа асбоблари билан таъминланди. Биргина жорий йилнинг ўзида 12 дона электропианино, электрон доска олинди. Бунинг натижасида ўқувчиларга амалий ва назарий билим бериш самарадорлиги, таълим сифати янада ортди.
Мактаб ўқувчилари зарур дарсликлар билан таъминланган. Шунингдек, 48 минг нусхадан зиёд босма, электрон ўқув ва бадиий адабиётлар фондига эга мактаб кутубхонаси, дам олиш хоналари, барча қулайликларга эга 500 ўринли ётоқхона ва ошхона ўқувчилар ихтиёрида.
Ҳозирда мактабда кўп йиллик тажрибага эга 280 нафар малакали педагоглар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 250 нафари олий маълумотли мутахассислардир. Ўқитувчиларнинг билим, малака ва салоҳиятини ошириш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 24 нафар педагог Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги бадиий таълим йўналишидаги педагог ва мутахассис кадрларнинг малакасини ошириш марказларида малака оширди. Бундан ташқари, мактаб Тошкент давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номли эстрада санъати институти, Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти сингари қатор муассасалар билан ҳамкорлик меморандуми имзолаган.
– Мактабда Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодий мактаби анъаналарини муносиб давом эттириш мақсадида лаборатория ташкил қилинган ва ҳозирда кенг самарали ишлар олиб борилмоқда, – дейди лаборатория мутасаддиси Одилжон Нишонов. – Бу ерда Шерали Жўраев ҳақида чоп этилган “Қўшиқ сеҳри”, “Қўшиқ оламининг султони”, “Ҳаёт ва ҳақиқат” номли китоблар, унинг ўзига хос ижоди хусусида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолалар, улуғ санъаткорнинг портретлари, турли йиллардаги фотосуратлари жамланган.
Мазкур таълим масканида меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларнинг доимий изланишлари, таълим жараёнида ўқитишнинг ноанъанавий усуллари, илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланишлари самараси ўлароқ, мактабдан соҳанинг малакали мутахассислари етишиб чиқмоқда. Қолаверса, мактаб ўқувчилари орасидан турли танлов, фестиваль, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритаётган истеъдодлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2025 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида мактабнинг 61 нафар ўқувчиси нуфузли халқаро ва республика мусиқа ва санъат фестивалларида ғолибликни қўлга киритди.
– Мен ўтган йили “Ёшлар овози” республика танловида биринчи, Қозоғистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё “Болалар романсиадаси” халқаро танловида 3-ўринни қўлга киритдим, – дейди мактабнинг академик хонандалик йўналиши 11-синф ўқувчиси Хонзодабегим Исмоилова. – Бундан буён ҳам устозларимдан пухта таълим олиб, янада кўпроқ ютуқларга эришиш, Тошкент давлат консерваториясига грант асосида ўқишга кириш ҳаракатидаман. Қолаверса, келажакда етук мутахассис бўлиб, миллий мусиқа санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйганман.
Анъанавий хонандалик бўлими бошлиғи Холмурод Хориновнинг қайд этишича, ушбу йўналишда таҳсил олаётган Озодбек Толипов, Ҳикматилло Ҳайитов, Саидакбар Икромов, Ҳикматилло Жўраев, Жавоҳир Абдусаломов сингари ўқувчилар ҳам республика ва халқаро танловларда совринли ўринларни қўлга киритган.
Жорий йилнинг ўзида мактаб ўқувчиларидан Саидакбар Икромов академик йўналишида Бишкекда ўтказилган “Умид романсиадаси”, фортепиано йўналиши ўқувчилари маржона Абдумажидова, Ойдиной Абдуллаева, “Дўстлик мусиқаси”, халқ чолғучилиги ўқувчилари Гулноза Акбарова, Шукрона Камолова, Гулшаной Мухторова, Муродил Иномжонов, Шахризода Абдуллаева “ADLIBITUM” кўп жанрли халқаро танловларда ғолиблар қаторидан жой олган.
– Ўқувчиларимиз эришаётган ютуқлар билан албатта, фахрланамиз, – дейди мактаб ўқитувчиси Сурайё Муллажонова. – Лекин олдимизда қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп. Ҳар бир ўқувчига пухта билим бериш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун астойдил меҳнат қилишимиз лозим. Жорий йилда мусиқа ва санъат олий мактабининг 261 нафар илк битирувчисидан 166 нафари республикамизнинг турли олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Мактаб жамоасининг асосий мақсади ана шу кўрсаткични янада оширишга, мусиқа ва санъат соҳасида малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга қаратилган.
– Мактабнинг театр санъати йўналиши ўқувчилари ҳам қатор ютуқларга эришмоқда, – дейди Актёрлик санъати кафедраси мудири Исоқжон Эргашев. – Хусусан, Зебо Абдулҳамидова, Жасмина Искандарова сингари ўқувчиларимиз ўтган йили “Ёш истеъдодлар” республика танловида ғолибликни қўлга киритди.
Дарҳақиқат, ёш истеъдодлар маскани бўлган ушбу мактабнинг жуда кўп ўқувчилари юксак натижаларга эришиб, устозлари, мутахассислар, ота-оналари, кенг жамоатчиликнинг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлмоқда.
– Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан биз ижодкор ёшларга жуда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди мактабнинг театр санъати йўналиши ўқувчиси Жасмина Искандарова. – Ана шу имкониятлар туфайли мен ўз ижодим билан кўплаб танлов ва кўргазмаларда иштирок этяпман. Ўтган йили “Ижодкор ёшлар” танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритдим. Эришаётган ютуқларимда мактабимизда яратиб берилган шарт-шароитлар, устозларимизнинг ҳиссаси жуда катта.
– Шу йил баҳорда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилган рус романслари ижроси бўйича IX “Умид романсиадаси” халқаро танловида қатнашиб, 2-ўринни эгалладим, – дейди мактабнинг академик хонандалик йўналиши 11-синф ўқувчиси Саидакбар Икромов. – Мени шу даражага эришишимга кўмак берган устозларимдан миннатдорман, қолаверса, кўплаб ёшларнинг мусиқа ва санъат билан шуғулланишлари, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бераётган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Шерали Жўраев номли мусиқа ва санъат олий мактабида юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган, миллий қўшиқчилик, мусиқа санъатимизни дунёга намойиш этадиган юзлаб иқтидор ва истеъдод эгалари камол топмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари