Иқтидор, стандарт ва келажак: Ўзбекистон ёшлари халқаро стандартлар олимпиадасида учинчи марта ғалабани қўлга киритди
2026 йил 11–14 август кунлари Корея Республикасининг пойтахти Сеул шаҳрида 21-Халқаро стандартлар олимпиадаси (International Standards Olympiad) бўлиб ўтди.
Дунёнинг 11 та мамлакатидан 35 та жамоа иштирок этган нуфузли интеллектуал мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси «Silk-road» номи остида иштирок этиб, учта олтин медални қўлга киритди.
Эътиборлиси, бу Ўзбекистоннинг мазкур олимпиададаги учинчи иштироки бўлиб, мамлакатимиз вакилларининг натижалари йилдан-йилга барқарор ўсиб бораётгани кузатилмоқда.
Бу натижа тасодифий муваффақият эмас. У, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш бўйича шаклланган тизим, шунингдек, Ўзбекистон стандартлар институти ҳамда Фан олимпиадалари марказининг самарали ҳамкорлиги самарасидир.
Иқтидорли ёшлар билан ишлаш — давлат сиёсати даражасида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни изчил тайёрлаш ва халқаро майдонда қўллаб-қувватлашга қаратилган яхлит институционал тизим шаклланди.
Жумладан, 2024 йил 30 сентябрдаги Президент қароридан келиб чиқиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилди. Марказ 2025 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган.
Унинг асосий вазифаларидан бири қобилиятли, фанларни чуқур ўрганишга қизиқувчи ёшларни аниқлаш, саралаш ва уларнинг иқтидорини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

Шу билан бирга, халқаро олимпиадалар ғолиблари, уларнинг мураббийлари ва ўқитувчиларини моддий рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда.
Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимида Президент мактабларининг ҳам ўзига хос ўрни бор.
2019 йилдан бошлаб мамлакат ҳудудларида ташкил этилган Президент мактабларининг асосий мақсади иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор таълим технологиялари асосида уларни ўқитиш ва тарбиялаш, аниқ ҳамда табиий фанларни чуқур ўрганиш учун яхлит тизим яратишдан иборат.
Шунингдек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи ҳам ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу саъй-ҳаракатларнинг амалий самарасини 21-Халқаро стандартлар олимпиадаси натижасида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, мусобақада ғолиб бўлган барча ўқувчилар Президент мактаблари тизимида таълим олган.

Бу, ўз навбатида, таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, иқтидорли ёшлар билан ишлашнинг тизимли йўлга қўйилгани ва яратилган имкониятлар ўз самарасини бераётганининг яққол далилидир.
Ўзбекистон стандартлар институти ва Фан олимпиадалари маркази ҳамкорлиги
Ўзбекистон стандартлар институти Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимида стандартлаштириш соҳасидаги миллий орган ҳисобланади.
Институтнинг стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва сифат менежменти соҳасидаги ихтисослашган салоҳияти уни Халқаро стандартлар олимпиадасига тайёргарлик жараёнининг муҳим иштирокчисига айлантиради.
Чунки мазкур олимпиадада иштирокчилардан ISO — Халқаро стандартлаштириш ташкилоти ва IEC — Халқаро электротехника комиссияси услубиёти асосида стандарт лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўникмаси талаб этилади.

Жамоани шакллантириш ва тайёрлаш жараёни ҳам белгиланган тартибда ташкил этилди. Саралаш босқичларини ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тегишли буйруқ ҳамда йўриқномалар асосида белгилаб берилди.
Ушбу жараёнда Ўзбекистон стандартлар институти мутахассислари нафақат баҳоловчи ва ҳакам сифатида, балки ўқувчиларга стандарт ишлаб чиқиш методологиясини ўргатувчи мураббийлар сифатида ҳам иштирок этди. Бу эса соҳа мутахассислари ва таълим тизими ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий самарасини намоён этди.
Терма жамоа қандай сараланди?
Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш бир неча ой давом этган икки босқичли саралаш тизими асосида амалга оширилди.
Саралаш кичик — 13–15 ёш ва катта — 16–18 ёш тоифалари бўйича, халқаро олимпиада талабларидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ инглиз тилида ўтказилди.
Биринчи босқичда математика ва физика фанларидан ҳудудий олимпиада ғолиблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари тизимидаги фан олимпиадалари ғолиблари ҳамда Президент мактабларидан тавсия этилган 7–11-синф ўқувчилари иштирок этди.
Жорий йилги саралаш мавзуси «Ақлли уй тизимлари — хавфсизлик ва ишлашга қўйиладиган талаблар» бўлди. Республика бўйича 458 нафар ўқувчи иштирок этган мазкур босқичда улардан тўрт соат давомида инглиз тилида мустақил стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш талаб этилди.

Натижаларга кўра, энг юқори кўрсаткич қайд этган 34 нафар ўқувчи — ҳар икки ёш тоифасидан 17 нафардан — иккинчи босқичга йўлланма олди.
Ҳал қилувчи иккинчи босқич 2026 йил 21–22 май кунлари Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида ўтказилди.
Унда иштирокчилар стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни тақдим этиш бўйича синовдан ўтди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида интернет ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмади.
Натижаларга кўра, ҳар икки ёш тоифасидан энг юқори натижа кўрсатган уч нафардан — жами олти нафар ўқувчи — Ўзбекистон терма жамоаси таркибида халқаро босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Халқаро босқичга пухта тайёргарлик
17–30 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ҳамда Ўзбекистон стандартлар институтида терма жамоа аъзолари учун интенсив машғулотлар ташкил этилди.
Тайёргарлик машғулотлари Халқаро стандартлаштириш олимпиадаси мезонлари ва ISO/IEC Directives талаблари асосида тасдиқланган режа-график бўйича олиб борилди.
Институт мутахассислари томонидан ўтказилган машғулотлар давомида ўқувчилар стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш, унинг тузилиши ва мазмунига қўйиладиган талаблар, шунингдек, тақдимот тайёрлаш бўйича зарур билим ва кўникмаларни эгаллади.
Терма жамоа аъзолари мамлакатимиздаги стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар фаолияти билан ҳам таништирилди.
Сеулдаги ҳал қилувчи беллашув
Ўзбекистон делегацияси 11 август куни Сеул шаҳрига етиб борди. Делегация таркибидан олти нафар ғолиб ўқувчи, Ўзбекистон стандартлар институти масъуллари ва Фан олимпиадалари маркази мураббийлари ўрин олди.
Мусобақа Корея технология ва стандартлар агентлиги ҳамда Корея стандартлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
13 август куни олимпиаданинг асосий босқичида иштирокчиларга «Кийиладиган электрон қурилмалар ва технологиялар — ақлли кўзойнаклар учун ишлаш синов усуллари» мавзуси берилди.
Жамоаларга стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни асословчи тақдимот тайёрлаш учун олти соат вақт ажратилди.

«Silk-road» жамоаси ўз лойиҳасини халқаро ISO/IEC услубига мувофиқ равишда тайёрлади. Унда қўлланиш доираси, атамалар ва таърифлар, техник талаблар ҳамда синов усуллари каби таркибий қисмлар аниқ баён этилди.
Мазкур тизимли ва услубий жиҳатдан пухта ёндашув ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
14 август куни жамоалар ўз лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъати олдида ҳимоя қилди. Куннинг иккинчи ярмида якуний натижалар эълон қилиниб, Ўзбекистоннинг «Silk-road» жамоаси учта олтин медаль билан тақдирланди.
Ғалаба замиридаги омиллар
Эришилган юқори натижа, аввало, бир неча муҳим омилнинг уйғунлиги самарасидир.
Бир томондан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ва институционал тизим мавжуд.
Иккинчи томондан, стандартлаштириш соҳасида ихтисослашган билим ва тажрибага эга мутахассисларнинг тайёргарлик жараёнидаги иштироки муҳим аҳамият касб этди.
Энг муҳими эса ўқувчиларнинг шахсий ташаббуси, билим ва изланишлари бўлди.
Олти соат давомида мураккаб техник мавзу бўйича мустақил стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни халқаро даражада ҳимоя қила олиш ёшларимизнинг нафақат инглиз тилини, балки муҳандислик ва техник йўналишдаги билимларни ҳам чуқур ўзлаштирганини кўрсатади.
Эндиги мақсад — натижани барқарор анъанага айлантириш
Қўлга киритилган ютуқни барқарор анъанага айлантириш учун тайёргарлик жараёнини янада тизимлаштириш муҳим.
Шу мақсадда Ўзбекистон стандартлар институти ва Фан олимпиадалари маркази томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.
Хусусан, саралаш тизимини барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрини тенг қамраб оладиган тўрт босқичли тизимга айлантириш, ISO/IEC услубиёти асосида ягона ўқув-услубий қўлланма яратиш, юқори натижаларга эришаётган Корея, Хитой ва Япония каби мамлакатлар билан мураббийлар алмашинувини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, сараланган ўқувчилар учун камида олти ойлик махсус фанлараро тайёргарлик дастурини ташкил этиш ҳамда олимпиада ҳақидаги тарғибот ишларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Бундай чора-тадбирларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ёшларининг Халқаро стандартлар олимпиадасидаги иштирокини янада барқарорлаштириш, юқори натижаларни мунтазам равишда такрорлаш ва мамлакатимизнинг стандартлаштириш соҳасидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида
21-Халқаро стандартлар олимпиадасида қўлга киритилган учта олтин медаль — Ўзбекистон ёшларининг илмий-техник салоҳияти ва халқаро майдондаги рақобатбардошлиги изчил ошиб бораётганининг яна бир яққол далилидир.
Бу натижа, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳаси, хусусан, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимига қаратаётган алоҳида эътибори, шу асосда яратилган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар ва Фан олимпиадалари маркази каби институтларнинг самарали фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон стандартлар институтининг соҳавий билим ва тажрибаси билан уйғунлашган ҳамкорлик самарасидир.
Бугун мамлакатимизда иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни изчил тайёрлаш ва халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Эндиликда эришилган натижаларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, таълим тизими ва соҳавий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ёшларни халқаро стандартлар ва замонавий техник билимларга тайёрлаш жараёнини тизимли асосда давом эттириш муҳим.
Зеро, бугунги иқтидорли ёш — эртанги илмий-техник тараққиёт ва миллий стандартлаштириш соҳасининг салоҳиятли мутахассисидир.
Ж. Муродов,
Ўзбекистон стандартлар институти директор ўринбосари