Иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги: халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Бугунги кунда иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни жараёнда мамлакатимиз ҳам барқарор ривожланиш йўлида муҳим қадам ташлаб, бу борада қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Пойтахтимизда ўтказилаётган миллий семинар ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этади. Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ёндашувларни бирлаштиришга хизмат қилувчи мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан БМТнинг Озиқ-овқат тизимлари бўйича мувофиқлаштирувчи маркази ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ушбу тадбир орқали давлатимиз халқаро миқёсда амалга оширилаётган Конвергенция ташаббусига қўшилиб, озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши чораларни бирлаштириш йўлида биргаликда ҳаракат қилади.Ташаббус доирасида 20 дан ортиқ давлат иштирок этаётган бўлиб, у идоралараро ҳамда тармоқлараро ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.
[gallery-28483]
Икки кунлик семинар давомида давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, ривожланиш бўйича ҳамкорлар бир майдонда жам бўлиб, устувор йўналишларни белгилаш, ўзаро фикр алмашиш ва келгуси амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконига эга бўлмоқда.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлимга мослашиш соҳасида қатор муҳим сиёсий ҳужжатлар қабул қилинган. Иқлим ўзгаришига мослашиш дастурлари амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатлар қишлоқ хўжалигининг иқлимга чидамлилигини ошириш, сув ва ер ресурсларидан барқарор фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ортиб бораётган иқлим ва озиқ-овқат хавфсизлиги хатарларига тезкор жавоб қайтариш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган.
Муҳокамалар давомида озиқ-овқат тизимлари ва иқлим сиёсатларини янада уйғунлаштириш орқали барқарор, чидамли ва инклюзив натижаларга эришиш масалалари кўриб чиқилаётир.
Якунда Конвергенция ташаббуси доирасида амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол иштирокини кенгайтириш, илғор тажрибалар алмашиш ва истиқболли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Семинар ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Камола Юсупова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА