Ipoteka bank OTP Group соф фойдасини 56 фоизга оширди
Ipoteka bank OTP Group 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича соф фойдасини 56 фоизга ошириб, 1,8 триллион сўмга етказди. Бу ҳақда банкнинг Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисобот даврида банкнинг жами активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ўсиб, 57,9 триллион сўмни ташкил этди. Операцион фойда эса 39 фоизга ошиб, 2,2 триллион сўмга етди. Банкнинг капитал рентабеллиги 25,2 фоиз, активлар рентабеллиги 3,4 фоизни ташкил қилди.
Банк раҳбариятининг таъкидлашича, эришилган молиявий натижаларда мижозлар ишончи ва жамоанинг самарали меҳнати муҳим ўрин тутган.
Банкда қайд этилган молиявий ўсиш, аввало, мижозлар ишончининг мустаҳкамланиши ва хизмат кўрсатиш самарадорлигининг ошиши билан боғлиқ. Банк бошқаруви раиси Адам Сентпетерининг таъкидлашича, эришилган натижаларда мижозлар билан бевосита ишлайдиган ходимлардан тортиб, ички жараёнларнинг узлуксизлигини таъминловчи мутахассисларгача бўлган бутун жамоанинг ҳиссаси бор. Жамоанинг ҳамжиҳатлиги, профессионал ёндашуви ва самарали меҳнати банкнинг стратегик мақсадларига эришиши ҳамда барқарор ўсишини таъминламоқда.
Шунингдек, банкда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилган. Жумладан, филиалларда хизмат кўрсатиш сифатини баҳоловчи Mystery Shopping индекси 93 фоизга, алоқа марказлари фаолиятини акс эттирувчи Mystery Calling кўрсаткичи эса 92,7 фоизга етган.
Мижозларнинг банкни бошқаларга тавсия этишга тайёрлигини ифодаловчи NPS индекси ҳам ўтган йилнинг мос давридаги 58 фоиздан 74 фоизгача ошган. Бу банк хизматлари сифати ва мижозлар билан мулоқот жараёнларидаги ижобий ўзгаришлардан далолат беради.
Маълумот учун, Ipoteka bank OTP Group 2023 йилдан буён халқаро OTP Group таркибида фаолият юритади. Бугунги кунда банк мамлакат бўйлаб 3,87 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатмоқда. Халқаро OTP Group ҳам 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 2,4 миллиард евро соф фойда қайд этган. Гуруҳнинг капитал рентабеллиги 21,1 фоизни ташкил қилган.
Нозимбек Мардонов, ЎзА