“Ипак йўли” эркин иқтисодий саноат зонаси фаолияти, инвестиция лойиҳалари ижроси ўрганилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси, партия фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлиб, ҳудуднинг саноат салоҳияти ва инвестиция лойиҳалари ижросини ўрганди.
Ишчи гуруҳ дастлаб Андижон туманидаги “Ипак йўли” эркин иқтисодий саноат зонаси фаолияти, мазкур ҳудудда ташкил этилган корхоналар, ишлаб чиқариш лойиҳалари, янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ҳудуддаги “HAINAN SHOULU” масъулияти чекланган жамият фаолияти, корхонада илғор ва замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари кузатилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу корхонада хитойлик инвесторлар билан мулоқот ўтказди. Унда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда корхонанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди, инвесторларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилди.
Мулоқотда бу каби саноат корхоналари ҳудуд иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шунингдек, ЎзЛиДЕП етакчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудуддаги “LONGPING-BEREKE” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Айни пайтда мазкур корхонада уруғ тайёрлаш бўйича илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳаллий ва халқаро бозор талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ишчи гуруҳ корхонадаги уруғ турлари, уларни сақлаш ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, маҳсулот сифати, лаборатория назорати ва технологияларнинг самарадорлигини кўздан кечирди.
“Ипак йўли” саноат зонасида фаолият юритаётган яна бир корхона – “M PRINT” масъулияти чекланган жамият фаолияти ҳам ўрганилди. Мазкур корхона картон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, асосан қадоқлашда фойдаланадиган маҳсулотлар – тортлар, логотиплар туширилган қутилар, махсус ўров қоғозлари тайёрланади.
Корхона мутасаддилари билан суҳбатда уларнинг тадбиркорлик ва саноат соҳасида қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлари тингланди. Хусусан, корхона вакиллари маҳсулот ишлаб чиқариш, патент ва логотип ҳимояси, сертификатлаш, солиқ ва лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш орқали ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан таклифлар билдирди.
[gallery-28431]
ЎзЛиДЕП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ва партия фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятининг саноат салоҳияти ва инвестиция лойиҳаларни ўрганишни давом эттирмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА