Ипак қуртидан – ипак момиғигача (+видео)
Таққослаш учун айтайлик: сўнгги ўн йилда Фарғона вилоятида пилла ҳосили етиштириш қарийб минг тоннага ортди. Бу ҳали чегара эмас. 2026 йил режалари янада улкан. 46 минг қути ипак қурти тарқатиб ундан 3 минг тоннадан зиёд пилла олмоқчилар. Бу уруғлар, жумладан, “Nurli tong silk” ипакчилик кластерида ҳам тайёрланди.
– Ушбу ипак қурти уруғининг 50 фоизини ўзимизнинг корхонада тайёрладик. Қолган 50 фоизини Хитойнинг Анькан провинциясидаги ипак қурти уруғи заводидан олиб келдик, – дейди “Nurli tong silk” ипакчилик кластери раҳбари Маҳмуджон Маҳмудов. – Шу билан бирга хитойлик мутахассис ҳам ҳозир Фарғонада. У қурт боқилиш жараёнида агроном сифатида маслаҳат бериб боради.

Ипакчилик кластери 24 минг қути ипак қуртининг ҳар қутисидан ўртача 60 килограммдан, жами 1400 тонна пилла етиштириш чораларини кўрмоқда. Шу йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ипак қурти боқувчисига ҳам, уни қайта ишловчига ҳам катта қулайликлар яратди. Унга кўра:
– Кам таъминланган оилалар учун бир марталик 4 миллион сўм субсидиялар, етиштирилган пилланинг 35 фоизи миқдорида қўшимча субсидия, бундан ташқари, ипак қурти боққан аҳолига 4 йиллик фоизсиз ссуда бериш жорий этилди. Қолаверса, солиқ имтиёзлари ҳам мавжуд, – дейди Маҳмуджон Маҳмудов.

“Nurli tong silk” кластери қурт боқувчилар учун бир неча ҳудудда озуқа сифатида тутзорлар яратди, пиллани қайта ишловчи корхона фаолиятини кенгайтирди. Бугун унинг маҳсулотлари хорижда ном қозонган.
– Биз ишлаб чиқараётган ипак маҳсулотлари тўлиғича экспорт қилинади, –дейди кластер раҳбари. – Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, Покистон каби давлатларга маҳсулотимизни юбормоқдамиз. Шу кунларда эронлик тадбиркорлар билан шартнома туздик.

Пиллада чиқит бўлмайди. Буни мазкур кластер мисолида ҳам кўриш мумкин, илгари оз бўлсада чувалма толалар бўлар эди. Энди ундан янги маҳсулот ишлаб чиқардилар.
– 100 фоиз ипак чиқитидан тайёрланган момиқ – ипак пахтаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. 2025 йилда қиймати 588 минг доллар бўлган тўқув ускуналарини келтирган эдик. Энди туркиялик ҳамкорлар буюртмасига кўра нафис ипак матолар шу ернинг ўзида тўқилади, – дейди Маҳмуджон Маҳмудов.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xFcAeWtQ6f0" title="Ipak qurtidan – ipak momig‘igacha" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА