Инвестицияларни жалб қилиш ва лойиҳалар ижросини назорат қилишда қандай чоралар кўрилмоқда?
Мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо шу билан бирга, ҳудудларда чет эл инвестициялари иштирокидаги лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, уларнинг ижросида юзага келаётган муаммоларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, инвестиция лойиҳаларини ғоя босқичидан ишга туширилгунга қадар ягона ёндашув асосида кузатиб бориш, ер майдони ажратиш, зарур инфратузилма билан таъминлаш, рухсат бериш жараёнларидан ўтиш ва бошқа босқичларда юзага келаётган тўсиқларни ўз вақтида аниқлаш имконини берувчи рақамли ва ташкилий механизмларнинг амалдаги самарадорлигини баҳолаш зарур.
Шунингдек, махсус иқтисодий зоналарнинг ҳуқуқий асослари ва бошқарув моделини такомиллаштириш, уларда инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш, резидентларни зарур инфратузилма билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини оширишга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Қонунчилик палатасининг мажлисида шулардан келиб чиқиб, ҳудудларда хорижий инвестицияларни самарали жалб қилиш ва лойиҳалар ижросини назорат қилиш, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, инвестицияларнинг ҳудуд иқтисодиёти ва инсон капитали ривожига таъсирини ошириш ҳамда экспортбоп корхоналарни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига парламент сўрови юборилди.
М.Комилова,
ЎзА