Инсон капитали – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий таянчи
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда билдирган фикр ва ташаббуслари мамлакатимизда таълим ислоҳотлари мазмунан янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди.
Бугун таълим ислоҳотларини фақат мактаб, боғча ёки олий ўқув юрти фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар сифатида баҳолаб бўлмайди. Чунки мамлакатнинг эртанги тараққиёти, иқтисодий салоҳияти ва рақобатбардошлиги, аввало, қандай инсонни тарбиялаётганимизга боғлиқ.
Президентнинг “Ўқитувчи – меҳр дарёси, ўқитувчи – эзгулик булоғи, ўқитувчи – маърифат қуёши”, деган таърифи таълим сиёсатида инсон, унинг билими ва маънавияти устувор аҳамият касб этаётганини англатади.

Бугун устоз меҳнатини қадрлаш унинг касбий салоҳияти, моддий манфаатдорлиги ва жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлаш билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сонининг беш йилда 29 минг нафардан 143 минг нафарга ошгани, мактабларда педагоглар етишмаслигининг уч баробар камайгани соҳада инсон ресурсларига ёндашув ўзгараётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда таълим инфратузилмасига катта инвестициялар киритилди. Ўн йил давомида 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавийлаштирилди.
Бироқ замонавий таълимни фақат янги бино билан тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг мазмуни ҳам янгиланиши керак.
2018 йилдан бошланган янги авлод дарсликларини яратиш жараёнига олимлар, мутахассислар, педагоглар, муаллифлар ва хусусий сектор жалб этилди. Фақат бир йилнинг ўзида 324 та дарслик янгиланди.
Янги дарсликларда миллий қадриятлар билан бир қаторда Ватанга муҳаббат, табиатни асраш, сувни тежаш, рақамли технологиялар, молиявий саводхонлик, келажак касблари, мустақил ва танқидий фикрлаш каби ҳаётий кўникмаларга урғу берилмоқда. Демак, дарслик энди фақат билим берувчи манба эмас, болани ўзгараётган ҳаётга тайёрлайдиган воситага айланмоқда.
Технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда ҳам тарбиянинг ўрни ўзгармайди. Сунъий интеллект кўплаб вазифаларни бажара олади, аммо боланинг қалбига йўл топиш, унда Ватанга муҳаббат, масъулият, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик туйғуларини шакллантиришда устознинг ўрни алоҳида бўлиб қолаверади.
Таълим тизимидаги муҳим ўзгаришлардан бири мактабда боланинг фақат билим оладиган эмас, балки келажак ҳаётга тайёрланадиган муҳитни яратишдир.
Математика, физика, кимё ва биологияни чуқур ўрганиш учун шароит яратиш, фундаментал фанлар ўқитувчиларини рағбатлантириш, бошланғич синфларда ҳам фан олимпиадаларини йўлга қўйиш, айрим мактабларда математика, информатика ва табиий фанларни инглиз тилида ўқитиш каби ташаббуслар замонавий инсон капиталини шакллантиришга қаратилган.
Шу билан бирга, таълим сиёсатида “ҳар бир бола” тамойили ҳам тобора аниқ мазмун касб этмоқда. Инклюзив муҳит яратилган мактаблар сонининг икки йилда 729 тадан 3 минг 591 тага етгани, 10 минг нафар алоҳида эҳтиёжга эга боланинг тенгдошлари билан бир муҳитда таълим олаётгани тенг имкониятлар муҳити кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Инсон капитали мактаб остонасида эмас, мактабгача таълим даврида шакллана бошлайди. Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларга мос дастур ишлаб чиқилиши, 180 минг тарбиячи ва педагогнинг янги методика бўйича ўқитилаётгани, ўйин орқали таълим бериш усулини барча боғчаларга жорий этиш режаси шу мақсадга хизмат қилади.
Касбий таълимда ҳам асосий эътибор ёшларни меҳнат бозорига тайёрлашга қаратилмоқда. Техникумларга халқаро дастурларни олиб кириш, 25 минг корхона билан ҳамкорлик қилиш, 100 мингдан зиёд ёшга ўқиш билан бирга даромад топиш имкониятини яратиш, дуал таълимда ўқийдиганларга стипендия тўлаш каби чоралар касбий таълимни амалий кўникма ва бандликка яқинлаштирмоқда.
“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчининг иштирок этгани ҳам ёшларни касбга йўналтиришга эътибор кучайганидан далолат беради.
Талабалар сонининг 1 миллион 600 минг нафарга етгани, университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилиши, етти олий ўқув юртининг 17 та фан бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кириши олий таълимдаги муҳим натижалардир.
Бироқ бугун асосий савол фақат қанча талаба ўқиётгани эмас, улар нимани ўрганаётгани ва олган билими ҳаётда қай даражада самара бераётганидир.
Шу маънода “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тамойили муҳим аҳамиятга эга. Бунда иш берувчи ўз эҳтиёжига мос кадрга буюртма беради, талаба ўқиш билан бирга ишлайди, корхона эса кадр тайёрлаш жараёнининг бевосита иштирокчисига айланади. Бу ёшларнинг диплом олгандан кейин эмас, таълим жараёнининг ўзида меҳнат бозорига кириб боришига имконият яратади.
Бу жараёнларнинг Қашқадарё вилояти учун аҳамияти айниқса катта. Чунки таълим ислоҳотларининг ҳар бир йўналиши вилоятнинг инсон капитали ва иқтисодий салоҳияти билан бевосита боғлиқ.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқлар учун рақобатбардош кадр тайёрлаш таълим муассасалари фаолиятини ҳудуд иқтисодиёти эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришни талаб этади.
Бунинг учун боланинг боғчадаги қобилиятини аниқлаш, мактабда ривожлантириш, касбга йўналтириш, техникум ёки олий ўқув юртида мутахассисликка тайёрлаш ва уни ҳудуддаги корхона-ташкилотлар билан боғлаш муҳим. Ана шу узлуксиз занжир инсон капиталини ҳудуд тараққиётининг муҳим ресурсига айлантиради.
Бугун дунёда билим ва технологиялар жадал янгиланаётган бир пайтда ёш авлодни эртанги кун талабларига тайёрлаш осон эмас. Бунинг учун замонавий дарслик, кучли педагог, илғор методика, рақамли технология ва иш берувчи билан ҳамкорликни ягона тизимга бирлаштириш зарур.
Зеро, бугун болага берилган таълим эртага мамлакатнинг иқтисодий қудрати, илм-фан салоҳияти, жамиятнинг маънавий қиёфаси ва ҳар бир оиланинг фаровонлигида намоён бўлади.
Шу боис таълим ислоҳотларининг ҳақиқий натижаси қурилган бинолар ёки янгиланган дарсликлар сонидагина эмас. У ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, ҳар бир ёшнинг замонавий касб эгаллаши, битирувчининг меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши ва ўз салоҳиятини намоён эта олишида кўринади.
Ана шунда таълимга бугун киритилаётган сармоя эртага иқтисодий ўсиш, илм-фан тараққиёти ва миллий юксалишнинг мустаҳкам пойдеворига айланади.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА