Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси – адолатга ишонч ва барқарор тинчлик кафолати
Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Анжуман доирасида «Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормаларга риоя этилишини таъминлашда парламентларнинг роли» мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни миллий даражада амалга ошириш, инсон ҳаёти ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро иттифоқ вице-президенти, Польша сенатори Габриэла Моравска-Станецка модераторлигида ўтган тадбирда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, БМТнинг Жиноий трибуналлар бўйича халқаро қолдиқ механизми, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари бўйича Африка суди ҳамда Кения парламенти вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

Муҳокамада миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг самарали механизмларини яратиш, давлат органлари ва куч тузилмалари фаолияти устидан назоратни таъминлашда парламентларнинг ҳал қилувчи ўрни таъкидланди. Можаро ва инқирозлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ёндашувлар муҳокама қилинди.
Тадбирда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева инсон ҳаёти ва қадр-қимматини, айниқса, энг оғир шароитларда ҳимоя қилиш барчани бирлаштирувчи мақсад эканини таъкидлади. Халқаро ҳуқуқда бунинг учун зарур нормалар белгиланган. Асосий вазифа эса уларнинг амалда бажарилишини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдир.
Қайд этилганидек, қуролли можаролар пайтида халқаро гуманитар ҳуқуқ инсонларни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар эса ҳар бир шахснинг асосий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Ҳуқуқбузарликлар холис тергов қилиниши, айбдорлар жавобгарликка тортилиши шарт. Асосийси эса бундай ҳолатларнинг содир этилишига йўл қўймасликдир.
Сенат Раиси Ўзбекистон низоларни БМТ Устави ва халқаро ҳуқуқ асосида, мулоқот ҳамда дипломатия йўли билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди. Мамлакатимизда инсон ҳаёти ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, парламент ўзининг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти орқали бу борадаги вазифаларни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Маърузада парламентлар олдида турган амалий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, халқаро мажбуриятларни миллий қонунчиликда аниқ ифодалаш, жиддий ҳуқуқбузарликларни тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш, масъул идораларнинг вазифа ва ваколатларини белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Ҳуқуқий нормаларнинг амалда ишлашини таъминлаш учун парламентлар бюджет ва назорат ваколатларидан изчил фойдаланиши лозим. Бу жараёнда масъул идораларнинг кадрлар тайёрлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни тергов қилиш салоҳиятини баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
Хавфсизлик соҳасида халқаро ҳуқуқ талабларига риоя этилиши ҳам парламентнинг доимий назоратида бўлиши зарур. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул идоралар олдига аниқ талаблар қўйилиши лозим. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти билан мунтазам мулоқот олиб бориш, уларнинг фикр ва таклифларини инобатга олиш эса хавфларни барвақт аниқлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашади.
Т.Норбоева Парламентлараро иттифоқ доирасида мазкур йўналишларда тажриба алмашиш, инсонларни ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилиш механизмларини биргаликда кучайтиришга чақирди. Бундай ҳамкорлик адолатга ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тинчликни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама давомида халқаро гуманитар ҳуқуқ нормалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга изчил риоя этиш низоларнинг олдини олиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда жазосизликка барҳам беришнинг муҳим шарти экани қайд этилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
Танзания, Аруша шаҳри