Инсон ҳуқуқларини бузган 118 нафар масъул шахс жавобгарликка тортилган
Сенат ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматова Омбудсман институти янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб борганини қайд этди.

2025 йилда Омбудсман номига 26 минг 372 мурожаат келиб тушган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 12,6 фоизга ошган. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятидан келиб тушган.
Сенатнинг 2025 йил 18 мартдаги тегишли қарори ижроси юзасидан энг кўп мурожаат юборилган ҳудудлар – Қашқадарё вилоятининг Косон ҳамда Сурхондарё вилоятининг Денов туманларига ташриф буюрилиб, 20 дан ортиқ маҳаллада фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мурожаатларда кўтарилган масалалар масъул идоралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Натижада мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига киритилган.

Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига оид мурожаатлар сонининг ортгани сабабли аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги қонун ҳужжатларининг амалдаги ижроси самарадорлигини ўрганиш ҳамда парламент назоратини кучайтириш мақсадида Омбудсман ташаббуси билан 2025 йилда “Тенглик ва ҳурмат” платформаси ишга туширилди.
Реабилитация марказларида 150 нафардан ортиқ зўравонликка учраган аёллар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга ёрдам кўрсатилди. Ўрганиш якунларига кўра Омбудсман таклифлари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлиснинг палаталарига киритилган.

Мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш орқали қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашни янада мустаҳкамлашга қаратилган 3 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган битта қонунчилик таклифи Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Омбудсман тавсияси асосида давлат органлари томонидан 11 норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан 194 таъсир чораси киритилиб, уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилди. Натижада фуқаролар фойдасига 11 миллиард 82 миллион сўм маблағ ундирилди.
Инсон ҳуқуқларини бузган 118 нафар масъул шахс интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди. 11 мингдан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий, 5 минг 487 нафар шахс билан холи тарзда суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан киритилган тақдимномалар асосида бир қатор муассасаларда шарт-шароитлар яхшиланди, 8,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Тошкент вилоятининг Чиноз, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари тугатилди.
Ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА