Имконият харитасида – Ўзбекистон ва Иордания
Яқин Шарқ билан ҳамкорлик – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши. Бу борада Иордания билан муносабат алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, икки давлат шериклигида фақат сиёсий мулоқот эмас, балки иқтисодий манфаат ҳам муштарак: Ўзбекистон Марказий Осиё бозорини таклиф этса, Иордания Яқин Шарққа чиқиш, фармацевтика, кимё саноати ва сув хўжалиги соҳаларидаги тажрибаси билан қизиқтиради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23-24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширадиган ташрифи ана шу муштарак манфаатни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим сиёсий имкониятдир. Энди масала фақат дипломатия алоқасини мустаҳкамлаш эмас, балки янги инвестиция, қўшма ишлаб чиқариш ва савдо ҳажми ўсишида намоён бўладиган амалий шерикликни ривожлантиришда.
Хўш, Аммандаги олий даражадаги музокара қандай натижа беради? Икки мамлакат ҳали тўлиқ ишга солинмаган иқтисодий имкониятдан қандай фойдаланади? Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Бахтиёр Саломов билан суҳбат шу ҳақда.
– Иордания подшоҳининг Ўзбекистонга давлат ташрифидан кейин ўзаро муносабатдаги фаоллик яққол кузатиляпти. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Амманга ташрифи бу жараёнга қандай сиёсий ва амалий мазмун бағишлайди?

– Ташрифни шаклланган сиёсий ишончни иқтисодий ҳамкорлик босқичига олиб чиқиш имконияти сифатида баҳолаш мумкин. 2025 йил август ойида Абдулла II юртимизга давлат ташрифи билан келганда 15 ҳужжат имзоланиб, савдо, инвестиция, таълим, туризм йўналишлари қамраб олинди. 2026 йил апрель ойида Ҳукуматлар аро комиссия биринчи йиғилиши эса келишувларни амалий лойиҳалар билан тўлдиришга қаратилган муҳим қадамдир. Ишбилармонлар кенгаши тузилиши, визасиз режим ва Тошкент – Амман ҳаво қатнови йўлга қўйилиши муносабатнинг иқтисодий ва гуманитар асосини мустаҳкамлади. Шу нуқтаи назардан бўлажак ташрифда устувор вазифаларни аниқ белгилаш, сармоявий лойиҳалар илгари суриш ва мавжуд келишувлар ижросини жадаллаштиришга устувор аҳамият берилади.
– Ўзаро савдо ўтган йил 79 фоиз ўсган. Қайси соҳаларда бугунги имкониятни эртанги аниқ лойиҳаларга айлантириш мумкин?
– Фармацевтика, кимё саноати, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясида имконият кенг. Масалан, “Dar Al-Dawa” фармацевтика компанияси билан юртимизда дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва технология жалб қилиш масаласи муҳокама қилинган. Ўз маҳсулотини 40 дан зиёд мамлакатга экспорт қилиши ушбу корхонанинг тажрибаси ва бозор имкониятини намоён этади. Ушбу араб давлати кимё саноатида фосфат ва калий тузи захираси муҳим ресурс ҳисобланади. Шунингдек, “UzBasalt” ва NAMC ўртасида базальт толаси ишлаб чиқариш имконияти ўрганиляпти. Бозоримизнинг ўзаро тўлдирувчи хусусияти ҳам аҳамиятга эга. “Petra” агентлиги маълумотига кўра, 2024 йил диёримизга Иорданиядан келадиган товарлар учун тахминан 2,28 миллиард долларлик бозор имконияти бор эди. Афсуски, амалдаги етказиб бериш 741 000 доллар атрофида қолган. Бу фарқ ҳали ишга солинмаган юксак салоҳиятни кўрсатади. Фармацевтика, қайта ишланган озиқ-овқат, елим ва қадоқ материаллари савдоси истиқболли йўналишлар ҳисобланади. Бунинг учун преференциал савдо келишувини илгари суриш, логистика ва сертификатлаштириш муаммосини ҳал этиш зарур.
– Иордания сув танқислиги шароитида самарали ечим ишлаб чиққан давлатлардан бири. Ушбу тажриба, шунингдек Ақаба порти, қайта тикланувчи энергетика ва таълим соҳасидаги имконият Ўзбекистон учун қандай аҳамият касб этади?
– Ҳа, сув хўжалиги соҳасида Иордания тажрибаси диққатга сазовор. Жаҳон банки маълумотига кўра, мамлакатда қайта тикланадиган ички сув ресурси аҳоли жон бошига йилига атиги 61 куб/метр. Шу боис тозаланган оқова сувидан қайта фойдаланиш, замонавий суғориш тизими ва гидропоника ривожлантирилган. Ўзбекистон учун бу усул сув тежовчи технология, рақамли мониторинг ва қишлоқ хўжалигини сув танқислиги шароитига мослаштиришда яхши фойда беради. Транспорт соҳасида Ақаба порти муҳим имконият макони. Маҳсулотимизни Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорига етказишда ушбу мажмуа истиқболли. Бунинг учун қулай мультимодал йўналиш ва рақобатбардош логистика шартини шакллантириш керак. Энергетикада қайта тикланувчи манба, энергия сақлаш технологияси ва инфратузилмани рақамлаштириш тажрибасини алмашиш мумкин. Таълим соҳасида эса 17-18 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган университетлар ректорлари биринчи форуми муҳим майдон вазифасини ўтади. Икки мамлакатнинг 35 олий таълим муассасаси вакиллари иштирок этган анжуманда сунъий интеллект, энергетика, сув ресурси ва тиббиёт соҳаларидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Демак, шериклик истиқболи нафақат савдо-инвестиция, балки технология ва билим алмашинувига ҳам боғлиқ.
– Ўзбекистон ва Иорданиянинг Ақаба жараёни доирасидаги мулоқоти ҳамда маданий-гуманитар алоқалари муносабатга қандай қўшимча имконият беради? Умуман, ташрифдан қандай натижа кутиляпти?
– Ақаба жараёни икки давлат учун минтақавий ва халқаро хавфсизлик масаласида мулоқотни чуқурлаштириш майдони ҳисобланади. 2015 йил Қирол Абдулла II ташаббуси билан бошланган ушбу формат терроризм, экстремизм ва трансмиллий таҳдидга қарши ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Шу йил 6 ноябрь куни Остонада ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Президенти иштирок этиши бу борада янги имкониятлар очди. Маданий-гуманитар алоқада туризм, таълим ва тарихий меросни ўрганиш муҳим. Самарқанд, Бухоро ва Хива, Петра ва Вади-Рам каби масканлар умумий салоҳиятни бирга тарғиб қилиш учун қулай. Бўлажак ташрифнинг асосий натижаси ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитишда намоён бўлади. Янги сармоя, қўшма ишлаб чиқариш, савдо ҳажми ўсиши ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратилиши самарадорликнинг асосий мезонидир. Икки давлат ўртасида сиёсий ишонч ва ўзаро манфаат мавжуд. Энди шу асосда Марказий Осиё ва Яқин Шарқни боғлайдиган барқарор иқтисодий ҳамкорликни шакллантириш лозим.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА