Илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси
Наманган вилоятининг барча ҳудудларида, меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва таълим муассасаларида Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Янгиқўрғон тумани “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда тумандаги 16- умумтаълим мактабида буюк бобокалонимиз меросини кенг ўрганишга бағишланган "Амир Темур – буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси" шоири остида бадиий учрашувлар ташкил этилди.


Ёш авлод вакилларига Амир Темур сабоқлари, унинг давлат ва жамият тамаддуни йўлидаги улкан ишлари ҳақида тарихий воқелик ва аниқ маълумотлар асосида тушунчалар берилди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувидан тақдим қилинган 200 дона китоблар тўплами Бунёдкор маҳалласи аҳлига ва 16-мактаб кутубхонасига топширилди.

– Етти иқлимга донғи кетган буюк аждодимиз Амир Темур сиймоси юртимиз учун азиздир, унинг қилган ишларини кенг оммага, айниқса, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларга етказиш долзарб аҳамиятга эга, – дейди Наманган вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов. – Айни шу боисдан “Маҳалла” фондидан китоблар улашилганлиги айни муддао бўлди. Таълим- тарбияга оид ҳамда оммабоп бадиий китоблар 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганларда қизиқиш уйғотиши табиий. Бу ўз навбатида келгусида “Китоблар билимдони” танловини ўтказиш орқали фуқароларнинг китобхонликка бўлган иштиёқини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА