Илк бор «Темур тузуклари» беларусь тилида нашр этилди
Амир Темурнинг машҳур «Темур тузуклари» асари илк бор беларусь тилида нашр этилди.
Мазкур нашр Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ўзбек халқининг бой тарихий ва маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
«Темур тузуклари» — давлатчилик, бошқарув ва адолат тамойилларини ўзида мужассам этган муҳим тарихий манба. Унда давлатни бошқариш, мамлакатда тартиб-интизомни таъминлаш, адолатга амал қилиш ҳамда жамият ҳаётини ташкил этишга оид қарашлар баён этилган. Шу боис асар нафақат тарихий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Асарнинг беларусь тилига таржима қилиниб, нашр этилиши Беларусь китобхонларига Амир Темурнинг давлат бошқарувига оид қарашлари, тарихий тажрибаси ҳамда ўзбек халқининг миллий қадриятлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Шу билан бирга, бу қадам икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маданий ҳамкорлик доирасида ўзбек адабиёти намуналарини беларусь тилида нашр этиш ишларини давом эттириш ҳам режалаштирилган. Беларусь давлат педагогика университети вакиллари келгусида Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Чўлпон каби ўзбек адабиётининг йирик намояндалари ижодини ҳам Беларусь китобхонларига етказишга қизиқиш билдирган.
Мазкур ташаббус ўзбек адабиёти ва тарихий меросини хорижда кенг тарғиб қилиш, миллий маданиятимизни халқаро миқёсда танитиш ҳамда халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА