Ички ишлар вазирига тушган мурожаатларнинг 48 фоизи жойида ижобий ҳал қилинди
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим йўналишлардан бири – аҳоли билан очиқ, самарали ва доимий мулоқотни таъминлаш.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари батафсил ўрганилмоқда. Ариза ва таклифларни таҳлил қилиш асносида муаммоларни тизимли бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар белгиланмоқда.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида, масъул мутасаддилар иштирокида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳри ва вилояти фуқаролари билан юзма-юз мулоқот ўтказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда яшовчилар учун қабуллар видеоконференция тизими орқали онлайн ташкил этилди.
Қабул давомида 521 мурожаат қайд этилди. Уларнинг аксарияти фуқаролар ўртасидаги молиявий муносабатлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, шунингдек, кадрлар билан ишлаш масалаларига оид муаммоларни қамраб олди.

Мурожаатларнинг 250 таси, яъни 48 фоизи қонунчилик асосида жойида ижобий ҳал қилинди. Қолган 271 мурожаат бўйича эса қўшимча ўрганиш талаб этилгани сабабли улар назоратга олиниб, масъул идоралар ҳамкорлигида кўриб чиқиш учун тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, бошқа ҳудудлардаги ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ўтказилган қабулларда жами 475 мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 185 таси, яъни 39 фоизи жойида ижобий ечим топган бўлса, 290 таси қўшимча текширув асосида кўриб чиқиш учун йўналтирилди.
Сайёр қабуллар давомида аҳолини ташвишга солаётган масалалар, ҳуқуқий муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари атрофлича муҳокама қилиниб, фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилди.
Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА