Ичимлик суви учун тўлов интизоми – хизмат сифати кафолати
Ҳар бир хонадонда кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган ичимлик суви ортида катта меҳнат ва харажатлар мужассам. Бироқ айрим ҳолларда истеъмолчилар томонидан ушбу хизмат учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишга етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Хоразм вилоятида сув таъминоти корхоналарининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда хизматлар сифатини ошириш мақсадида қарздорликларни ундиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида суд қарорлари асосида жисмоний ва юридик шахслардан ичимлик суви учун қарздорликларни ундиришга доир жами 4 минг 645 та ижро ҳужжати келиб тушган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 4 минг 229 та ҳужжат бўйича ишлар якунланиб, 4,4 миллиард сўм қарздорлик ундирилди. Айни пайтда 198 та ҳужжат ижроси таъминланмоқда. Шунингдек, 62 та ҳолатда қарздорликни ундириш фуқароларнинг иш ҳақига қаратилган.
Мутахассислар таъкидлашича, истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш нафақат қонуний мажбурият, балки ижтимоий масъулият ҳамдир. Бу эса ўз навбатида соҳа барқарорлиги ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА