I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми бошланди
Тошкентда I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми ўз ишини бошлади. Форум доирасида Ўзбекистон ва Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бугун, 29 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бошланган халқаро форумнинг биринчи кунида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов FISU ҳамда Осиё университетлар спорти федерацияси (AUSF) раҳбарияти вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда FISU президенти Леонц Эдер, Халқаро университет спорти федерацияси бош котиби ўринбосари Фернандо Силва Паренте, Марказий Осиё талабалар спорти федерацияси президенти Қайрат Қайратулинович, Мўғулистон талабалар спорти федерацияси бош котиби Жаргалсайхан Доржсурен ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантириш, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, университетлар спорти соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда форумни юқори савияда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.


Шунингдек, Ўзбекистонда талабалар ўртасида ўтказиб келинаётган «Универсиада», «Талабалар лигаси», «Беш ташаббус олимпиадаси», «Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси» ва «Талаба-югур» каби спорт мусобақаларининг аҳамияти қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат талабалар спортини ривожлантириш, халқаро тажриба алмашиш ва университетлар спорти соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми 2 октябрга қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА