Хусусий ветеринария секторини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисининг Ветеринария ва ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш йўналиши бўйича ўринбосари Фурқат Жалилов БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари Надав Галон ва Орр Розов билан учрашди.
Мулоқотда ветеринария хизматлари тизимида хусусий ветеринария секторининг жорий ҳолати ва салоҳиятини баҳолаш, шунингдек, келгусида хусусий ветеринария амалиётини тизимга кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур баҳолаш ишлари ФАОнинг Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияларга тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб чораларини кучайтириш лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Халқаро тажриба ва эксперт баҳолари Ўзбекистонда ветеринария хизматлари тизимини такомиллаштириш, хусусий ветеринария секторининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва хизматлар сифатини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Учрашувда Қўмита томонидан ФАО экспертларининг баҳолаш ишлари ва улар асосида ишлаб чиқиладиган хулосалар муҳим амалий асос сифатида кўриб чирилиши қайд этилди.
Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатимизда қарийб 2 500 та хусусий ветеринария субъекти фаолият юритиб, ҳайвонларни даволаш, лаборатория ва бошқа ветеринария хизматларини кўрсатмоқда. Ветеринария дори воситаларини реализация қилувчи дорихоналар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Шунингдек, учрашувда ветеринария соҳаси учун ёш ва малакали мутахассисларни қишлоқ ҳудудларига жалб қилиш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш ҳамда қўшимча харажатларни қоплаш механизмларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ветеринария таълими йўналишида эса олий таълим муассасалари битирувчиларининг амалий кўникмаларини кучайтириш, соҳа эҳтиёжидан келиб чиқиб етарли миқдорда малакали кадрлар тайёрлаш зарурлиги муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ветеринария ва озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш, қишлоқ ҳудудларини мутахассислар билан таъминлаш, хусусий секторни ривожлантириш ва халқаро тажрибани миллий шароитга мослаштириш муҳим йўналишлар сифатида қайд этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА