Ҳуқуқий таълим ва илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Россиянинг “Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқот университети ҳуқуқ факультети делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Делегация таркибида факультет декани, юридик фанлар доктори, профессор Вадим Виноградов, деканнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, профессор Александр Ларичев ҳамда Халқаро ҳамкорлик маркази директори ўринбосари Оксана Шабаршова иштирок этди.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, академик алмашинув имкониятлари, қўшма илмий тадбирлар ўтказиш ҳамда илмий нашрлар тайёрлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Жумладан, замонавий юридик йўналишлар, хусусан, рақамли ҳуқуқ, киберхавфсизлик, халқаро тижорат ҳуқуқи ва яшил иқтисодиёт соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда қўшма ўқув курсларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув ҳуқуқий таълим соҳасида тажриба алмашиш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА