Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ўтказилди
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан биридир.
Бу борада таълим муассасалари ва талабалар турар жойларида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ёшларнинг қонунларга ҳурмат руҳида камол топишида муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда “Ёшлик” талабалар шаҳарчасидаги Ўзбекистон Миллий университети Кимё факультетига қарашли 1-сонли талабалар турар жойида профилактик учрашув ташкил этилди.

Унда Олмазор тумани ҳокими ўринбосари — “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Ф.Темиров, Кимё факультети декани ўринбосари Ғ.Абдураҳмонов ҳамда ички ишлар органи ходими А.Абдулҳақов иштирок этди.
Учрашув давомида талабаларга амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ҳуқуқий саводхонликни ошириш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, жамоат тартибига риоя этиш, масъулият ва қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, талабалар турар жойида тинч ва хавфсиз муҳитни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай профилактик тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА