Хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллиги оширилмоқда
Хоразм вилоятининг Боғот туманида хотин-қизлар иштирокида “Мен лидер аёлман” мавзусида семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон хотин-қизларининг “Олима” аёллар уюшмаси вилоят бўлими томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда аёлнинг жамиятдаги ўрни, экологик муаммолар ва оилавий муносабатларнинг энг долзарб жиҳатлари муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, тадбир давомида “Бугунги кундаги экологик ҳолат ва уни яхшилаш омиллари”, “Аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ундаги муаммолар”, “Оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш – давр талаби” каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

Шу билан бирга, муҳим йўналиш сифатида хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилиб, уларнинг соғлиғини тиклаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш бўйича манзилли ишлар олиб борилади.

– Тадбир фақат назарий мулоқотлар билан чекланиб қолмади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши қошидаги “Экология ва саломатлик” аёллар клуби фаоли Маъмура Хусинова. – Амалий ишларнинг узвий давоми сифатида ҳудуддаги хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. Бу саъй-ҳаракатлар аёллар соғлиғини тиклаш, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади. Бизнинг мақсадимиз ҳам маҳаллаларда яшовчи эҳтиёжманд қатлам вакилларига елкадош бўлган ҳолда уларга маънавий, тиббий, экологик жиҳатдан кўмак бериш орқали вилоятимизда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашдир.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар ташаккурнома ҳамда партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА