Хорижда ишлаш имкониятлари кенгайтирилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2 ноябрь куни меҳнат миграцияси ҳамда хорижда ишлаш истагидаги аҳолини тил ва касбларга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда меҳнат миграциясига оид масалалар муҳокама қилиниб, соҳадаги вазифалар белгилаб берилди, бир қатор янги ташаббус ва таклифлар илгари сурилди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Артиқов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Бугун дунё аҳолисининг қарийб 2 фоизи ёки 168 миллиондан зиёд инсонлар ташқи миграцияда фаолият олиб боряпти. Албатта, инсон ўз уйини ташлаб, Ватанидан, оиласидан узоқда ишлаши осон эмас. Шу боис, давлатимиз раҳбари чет элда ишлаётган ватандошларимиз ҳақида гапирар экан, фарзанд келажаги учун тинмасдан меҳнат қилаётган бу инсонларни “ҳақиқий мард инсонлар” деб таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда рақобат юқори бўлган меҳнат бозорида муносиб кадр, малакали мутахассис бўлмас экан, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш жуда қийин бўлаверади. Қолаверса, рақобатли меҳнат бозорида ўрин топишда тил билиш даражаси энг асосий масалалардан биридир. Чунки тил билиш хорижий мамлакатда ўз эҳтиёжларини қондириши, ўз фикрини билдириши натижасида юқори даромадли иш топишнинг кафолатига ҳам айланиши мумкин.
Мана шу икки муҳим йўналишдаги масалалар юзасидан давлатимиз раҳбари мавжуд муаммоларни санаб ўтди ва уларнинг ечими юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, хорижда ишлаш имкониятларини кенгайтириш масаласи. Бугунги кунда Ўзбекистонда меҳнат миграцияси йўналишида 27 та давлат билан ҳамкорлик қилиш бўйича битимлар тузилган. Жорий йилда эса яна 34 та давлатда 287 минг нафар фуқарони ишга жойлаштириш имконияти мавжудлигига тўхталиб ўтилди.
Бу нима дегани? Албатта, бугунги кунда жуда кўп хорижий давлатларда, айниқса, Европа мамлакатларида меҳнат мигрантларига бўлган эҳтиёж юқори. Албатта, меҳнат мигрантларига эҳтиёж юқори бўлган бир даврда фуқароларни иш билан таъминлаш асосий вазифа сифатида белгиланди.
Биргина Германия мисолида оладиган бўлсак, Германиядан 45 минг мутахассис бўйича буюртма келиб тушган. Аммо ҳозиргача атиги икки минг киши ишга жойлашган, холос. Бу бўйича ҳам аниқ йўналишлар белгилаб берилди.
Шунингдек, 2027 йилда ҳар бир ҳудудда, вилоятларда ягона миграция марказларини ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик ҳамда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича ҳам аниқ йўналишлар белгилаб берилди.
Бугунги кунда республикамизда қирқдан ортиқ хусусий бандлик агентликлари фаолият олиб боряпти. Хусусий бандлик агентликлари худди миграция агентликлари сингари фуқароларимизнинг чет элда муносиб меҳнат шароитини яхшилаш борасида фаолият олиб боряпти. Ўзбекистон фуқароларини ташкилий миграция бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатларга ишга йўналтиряпти.
Қувонарлиси, давлатимиз раҳбари агентлик томонидан ишга жойлаштириладиган ҳар бир фуқаро учун агентликка бир ярим миллион сўмдан рағбатлантириш пули берилишини илгари сурди. Бу эса миграция агентликлари фаолиятини рағбатлантиришда муҳим ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур йиғлишда белгилаб берилган вазифалар, илгари сурилган ташаббуслар фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, қонуний ва юқори даромадли иш билан таъминлаш ҳамда хорижда юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда долзарб ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА