Хоразмда корейс диаспораси ва икки халқ дўстлигининг тарихий илдизлари
Ўтмишни ўрганамиз
Мазкур мақолада совет тоталитар тузумининг 1930 йилларда амалга оширган оммавий сиёсий қатағонлари ва корейс диаспорасининг Марказий Осиёга, жумладан, Хоразм вилоятига депортация қилиниши жараёнлари илмий-тарихий манбалар ва архив ҳужжатлари асосида таҳлил этилган. Шунингдек, Гурлан тумани мисолида кўчириб келтирилган корейс аҳолисининг ижтимоий-маиший аҳволи, дуч келган қийинчиликлари ва сохта айбловлар билан репрессия қилинган шахсларнинг тақдири ёритилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, янги стратегик босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим тарихий қадам бўлди.
Сеул шаҳрида ўтказилган олий даражадаги музокаралар, парламент раҳбарлари, ҳукумат ва йирик бизнес вакиллари билан учрашувларда савдо-иқтисодий, инвестициявий, илм-фан, технология ва маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликни чуқурлаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, биринчи «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммити доирасида минтақавий интеграция ва истиқболли лойиҳалар белгилаб олинди.
Ушбу чуқур сиёсий ва маданий яқинлашувнинг илдизлари аср бошларига, аниқроғи, тарихнинг синовли ва мураккаб даврларида тарихий тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга кўчириб келтирилган корейс диаспорасининг машаққатли йўли ва ўзбек халқининг инсонпарварлиги ва қўллаб-қувватлашига бориб тақалади.
ХХ асрнинг 30-йиллари охирида совет тоталитар тузуми томонидан амалга оширилган оммавий қатағонлар собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида истиқомат қилувчи кўплаб этник гуруҳлар ва турли миллат вакилларига нисбатан оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Хусусан, корейс диаспораси учун бу давр мажбурий кўчириш, оғир ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар, ҳуқуқий чекловлар ҳамда сохта сиёсий айбловлар билан кечган таъқиблар даври сифатида тарихда муҳрланиб қолди.
ХХ асрнинг 30-йиллари ўрталарига келиб совет марказий раҳбарияти томонидан юритилган агрессив миллатлараро сиёсат ҳамда “чегара ҳудудларини тозалаш” концепцияси баҳонасида юз минглаб инсонлар ўзларининг туғилиб ўсган ҳудудларидан мажбуран кўчирилди.
Приморье ўлкасида 1876 йилдаги корейс-япон шартномаси ва 1905 йилдаги рус-япон урушидан сўнг Кореядан кўчиб ўтган жуда кўп корейслар яшарди.
1937 йил кузидаги совет корейсларининг депортацияси СССР тарихидаги бутун бир халқнинг биринчи оммавий сургуни бўлди.
Жараён СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши ва ВКП МКнинг 1937 йил 21 августдаги махсус ёпиқ қарори билан расмийлаштирилди. Унга кўра, Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаларида яшовчи 172 мингдан ортиқ этник корейс геосиёсий конъюнктура ва олдиндан гумон қилиш остида “ҳукуматга содиқ бўлмаган этник гуруҳ” сифатида таснифланди ҳамда Марказий Осиёга – асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон совет социалистик республикаларига мажбуран кўчирилди.
Бу сиёсат геополитик омиллар – 1937 йил 7 июлда Япониянинг Хитойга бостириб кириши ва Кореянинг Япон империяси мустамлакаси экани билан изоҳланди. СССР Ички ишлар халқ комиссариатининг 1937 йил 20 сентябрдаги буйруғига мувофиқ, Японияга қарам бўлган Маньчжоу-Го давлати собиқ фуқаролари ва Хитой-Шарқий темир йўли хизматчилари ҳам қатағон нишонига айланди.
Архив манбаларининг таҳлили кўрсатишича, 1937 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистон ССР ҳудудига жами 16 минг 307 оила, 74 минг 500 нафар корейс аҳолиси депортация қилинган. Уларнинг маълум бир қисми Хоразм воҳасига жойлаштирилиб, жумладан, Гурлан туманига 1 минг 197 та оила, 5 минг 799 нафар шахс кўчириб келтирилди. Бу жараён республикада ҳукм сурган оғир ижтимоий-иқтисодий инқироз, озиқ-овқат танқислиги, уй-жой ва коммунал инфратузилманинг ночорлиги шароитида кечди.

Кўчириб келтирилган корейс аҳолисини мослаштириш ва жойлаштириш асосан Хоразм вилоятининг Гурлан тумани ҳудудида, хусусан, Аккум массивида амалга оширилди. Мавжуд архив фондлари ҳужжатлари ва дала тадқиқотлари материаллари шуни тасдиқлайдики, депортация қилинганлар учун тураржой қурилиши давлат томонидан тизимли тарзда режалаштирилган ва молиявий маблағлар ажратилган бўлса-да, амалиётда мазкур кўрсатмалар бажарилмаган. Кўплаб корейс оилалари вақтинчалик мослаштирилган совуқ биноларда, қамиш ва шох-шаббалардан ясалган бошпаналарда ёки ярим вайрона хўжалик иншоотларида совуқ ва оғир турмуш машаққатлари остида яшашга маҳкум этилдилар.

Озиқ-овқат таъминотининг паст даражада эканлиги, тиббий-санитария хизматининг ёмонлиги ва таълим муассасаларининг мутлақо етишмаслиги депортация қилинган аҳоли аҳволини янада мураккаблаштирди. Шунга қарамай, корейс этноси вакиллари қисқа муддат ичида Хоразмнинг табиий-иқлим шароитига мослашиб, қишлоқ хўжалигида, хусусан, шоличиликни ривожлантиришда етакчи ўрин тутдилар. Улар Гурлан туманидаги колхоз ва совхозларда фаол меҳнат қилиб, шоли ва пахта етиштиришда юқори натижалар кўрсатдилар.

Мажбурий депортация ва маъмурий-ҳуқуқий чекловлар билан чекланиб қолмасдан, 1938 йилга келиб Гурлан туманида ва умуман Хоразм воҳасида истиқомат қилаётган корейс миллати вакилларига нисбатан оммавий сиёсий қатағонларнинг янги тўлқини бошлаб юборилди. СССР Ички ишлар халқ комиссариати ҳудудий органлари томонидан уларга нисбатан асосан “аксилинқилобчи”, “япон жосуслик тармоғи билан алоқада бўлган”, “совет ҳокимиятига қарши тарғибот-ташвиқот олиб борган” деган сохта, ўйлаб топилган ва асоссиз айбловлар қўйилди. Советларнинг қатағон тизими меҳнаткаш деҳқонлар, зиёлилар ва ҳаттоки оддий хизматчиларни ҳам четлаб ўтмади.
Ўзбекистон Республикасининг турли архивлари, Хоразм вилоятидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий фондида сақланаётган ҳужжатлар 1930 йиллар охирида ноҳақ жазоланган корейс миллати вакилларининг фожиали тақдирини очиб беради:
– Цой Сун Мин – 1889 йилда туғилган, колхозчи. 1938 йилдa “аксилинқилобчи” сифатида асоссиз айбланиб ҳибсга олинган. Ўн йиллик қамоқ жазосидан сўнг, 1989 йил 14 ноябрда расман оқланган.
– Цой Дон Гу – 1897 йилда туғилган. 1938 йил 25 февралда ҳибсга олинган, 1989 йил 12 сентябрда оқланган.
– Цой Мен Дюн (Цой Мирон) – 1897 йилда туғилган, колхозчи, 1939 йил 7 мартда қамалган, 1990 йил 5 сентябрда оқланган.
– Цой Сек Хван – 1881 йилда туғилган. 1938 йил 23 майда ҳибсга олинган, 1990 йил 19 майдa оқланган.
– Цой Тя Юн –1899 йилда туғилган. 1938 йил 11 апрелда қамалган, 1990 йил 3 майда оқланган.
– Ча Хон До – 1897 йилда туғилган. 1937 йилда Узоқ Шарқдан депортация қилинган. Колхозчи. 1938 йил 23 майда қамалиб, 1990 йил 1 ноябрда оқланган.
Бу рўйхат узун ва улар ҳақидаги маълумотлар архивларда сақланмоқда.
Ушбу шахсларнинг аксарияти СССРдаги “қайта қуриш” даврининг сиёсий реабилитация жараёнлари доирасида 1989-1991 йилларда оқланганлар.
Корейс диаспораси вакилларининг 1930 йиллардаги фожиaли тарихий қисмати совет тоталитар тузумининг этник гуруҳлар тақдирига нисбатан юритган шовинистик ва мустабид сиёсатининг тарихий далили ҳисобланади. Ҳуқуқий асосга эга бўлмаган депортация ва оммавий сиёсий қатағонлар минглаб бегуноҳ инсонларнинг тақдирини издан чиқарди ҳамда бутун бошли оилаларни парчалаб юборди.
Шундай қилиб, 1937 йилги депортация расман Япон империяси айғоқчилигига қарши чегара хавфсизлигини таъминлаш баҳонаси билан амалга оширилган бўлса-да, моҳиятан тоталитар тузумнинг стратегик чегараларни этник жиҳатдан “тозалаш” ва мажбурий меҳнат ресурслари орқали янги ерларни ўзлаштиришга қаратилган сиёсатининг натижаси эди.
Депортациянинг оғир ва аянчли оқибатларига қарамай, ўзбек аҳолисининг, шу жумладан. гурланликларнинг юксак инсонпарварлиги кўчириб келтирилган корейс халқининг омон қолишида ва янги муҳитга тез мослашувида ҳал қилувчи роль ўйнади. Ўз навбатида, корейс диаспораси Ўзбекистонни ўзларининг чин Ватани сифатида қабул қилиб, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди.
Бугунги кунда ушбу тарихий хотира ва миннатдорлик туйғуси Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик ҳамда мустаҳкам дўстлик алоқаларининг маънавий ва маданий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Замонавий илмий-тарихий тадқиқотлар доирасида мазкур фожиали саҳифаларни холисона ўрганиш, архив фондларида унутилиб кетган ҳар бир инсон исмини илмий муомалага қайта киритиш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг устувор таркибий қисмидир.
Бу илмий-тарихий ёндашув мазкур жараёнларнинг асл моҳиятини очиб бериш ҳамда ёш авлодни тинчлик, бағрикенглик ва ҳуқуқий демократия қадриятлари руҳида тарбиялаш йўлидаги муҳим назарий сабоқ бўлиб хизмат қилади.
Юлдузхон Раҳмонова,
Ўзбекистон тарихчилар жамияти Хоразм вилоят бўлими раиси,
Осиё халқаро университети Ижтимоий фанлар ва филология кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди, профессор.
ЎзА