Хоразмда 5 мингдан ортиқ ноқонуний ер ва иншоот қонунийлаштирилди
Хоразм вилоятида 5 минг 148 нафар шахснинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди.
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида фуқароларнинг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур сессияда Боғот туманида 638 нафар, Гурлан туманида 1215 нафар, Қўшкўпир туманида 285 нафар, Шовот туманида 435 нафар, Тупроққалъа туманида 129 нафар, Ҳазорасп туманида 782 нафар, Хива шаҳрида 69 нафар, Хонқа туманида 283 нафар, Янгиариқ туманида 387 нафар, Янгибозор туманида 89 нафар, Хива туманида 339 нафар, Урганч туманида 470 нафар, Урганч шаҳрида 27 нафар, жами 5 148 нафар фуқаронинг ер ва мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича Кенгаш қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижроси натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулклари қонунийлаштирилади, фуқаролар ўртасидаги мулкий низолар, шу жумладан, мерос билан боғлиқ низоларга ечим топилади, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги муаммолар камаяди, бозорда қонуний капитал айланмаси пайдо бўлади, энг муҳими аҳолининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Маълумот учун, қонун ижроси бўйича шу кунга қадар вилоятда 14 минг 360 нафар фуқаронинг ер ва мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди.
Қонун ижроси Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, келгусида ҳам вилоятнинг барча ҳудудларида ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари давом этади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири