Андижон вилояти Шаҳрихон туманида маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромадларини ошириш, камбағалликдан чиқариш, маҳаллалар ихтисослашувини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов, туман секторлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари иштирокидаги Сохиобод маҳалласида ўтказилган тадбирда юқоридаги йўналишларда олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, ҳоким ёрдамчиларининг маҳалла ихтисослашувини йўлга қўйиш борасидаги фаолияти танқидий муҳокама қилинди.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини оширишда маҳалла еттилиги, айниқса, ҳоким ёрдамчиларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Шаҳрихон туманидаги 79 та маҳаллада зарур ишлар олиб борилмоқда. Албатта, эришилаётган ютуқлар кўп. Лекин шу билан бирга, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.
Йиғилишда ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, янада юқори босқичга кўтариш, камчиликларни бартараф этиш, фаолиятга илғор иш услублари ва тажрибаларни татбиқ этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, ҳоким ёрдамчиларига тегишли топшириқлар берилди.
– Йиғилишда фаолиятимиз самарадорлигини ошириш бўйича зарур маълумот ва кўрсатмалар олдик, – дейди “Бекбачча” маҳалла фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Мақсудбек Акбаров. – Айниқса, маҳалланинг драйверини йўлга қўйиш орқали мавжуд имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланиш борасидаги билим ҳамда тушунчаларимиз янада бойиди.
[gallery-16788]
Йиғилишда маҳаллалар ихтисослашувини йўлга қўйиш борасидаги ишлар, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлиги секторлар бўйича ҳар куни таҳлил қилиб борилиши белгилаб олинди.
Ф.Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари