Хитойда транспорт инқилоби: Янцзи дарёси остида темир йўл қурилмоқда
Бугунги кунда жаҳонда инфратузилмавий ривожланиш глобал иқтисодиётнинг муҳим ҳаракатлантирувчи омилларидан бирига айланмоқда. Айниқса, транспорт-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш орқали мамлакатлар ўзаро боғлиқликни кучайтириб, барқарор тараққиётни таъминлашга интилаётир. Шу маънода, Хитой Халқ Республикасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар алоҳида эътиборга молик.
Маълум қилинишича, мамлакатда “Ўн бешинчи беш йиллик” дастури доирасида Янцзи дарёси ости орқали ўтадиган юқори тезликдаги темир йўл қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ушбу йирик инфратузилма лойиҳаси мамлакатнинг транспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши кутиляпти.
Ҳозир Янцзи дарёсининг қуйи қисмида улкан туннел қурилиши ишлари юқори суръатларда давом этмоқда. Лойиҳа доирасида дунёдаги энг йирик шитли қурилмалардан бири ишга жалб қилинган бўлиб, у дарё тубида тахминан 14 километр узунликдаги туннелни барпо этади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, замонавий интеллектуал бошқарув тизимлари билан жиҳозланган мазкур техника юқори аниқликда иш олиб бориш имконини беради.

Янги темир йўл тармоғи Шанхайдан Чэндугача чўзилиб, умумий узунлиги қарийб 2000 километрни ташкил этади. У мамлакатдаги уч йирик шаҳар агломерациясини боғлаб, иқтисодий фаолликни янада кучайтиришга хизмат қилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 500 миллиард юандан ортиқ бўлиб, у қўшни соҳаларда қўшимча қийматнинг сезиларли ўсишига замин яратади.
Мутахассислар фикрича, мазкур транспорт йўлаги орқали саноат, логистика ва инновацион тармоқлар ўртасидаги интеграция янада чуқурлашади. Шунингдек, темир йўл линияси бўйлаб жойлашган шаҳар ва ҳудудларда янги иқтисодий имкониятлар шаклланади, кичик шаҳарлар ҳам юқори тезликдаги транспорт тизимига уланади.
Эътиборлиси, бу каби йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Хитойнинг ички тараққиёти, балки халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари доирасида транспорт ҳамда логистика соҳасида қатор истиқболли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш орқали табиий тўсиқлар қулай коммуникация йўлларига айлантирилмоқда. Бу эса минтақавий тараққиётни жадаллаштириб, янги иқтисодий имкониятлар эшигини очмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА