Хитой ва Покистон Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича 5 босқичли таклиф берди
Хитой ва Покистон Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни тиклаш бўйича беш банддан иборат қўшма ташаббусни эълон қилди. Мазкур таклиф Пекинда ташқи ишлар вазирлари Ван И ва Исҳоқ Дар учрашувидан сўнг эълон қилинди.
Лойиҳанинг биринчи банди зудлик билан ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш ва можародан зарар кўрган барча ҳудудларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни назарда тутади. Сўнгра тинчлик музокарасини тезроқ бошлаш, Эрон ва Форс кўрфази давлатлари суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, миллий мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, Хитой ва Покистон томонларни бегуноҳ аҳоли ва ноҳарбий нишонлар, хусусан энергетика иншоотлари, атом электр станциялари каби фуқаролик ядро иншоотларига ҳужумни дарҳол тўхтатишга чақирган, Ҳурмуз бўғозидаги кема йўллари хавфсизлиги таъминланиши зарур, деб ҳисоблайди.
Ҳужжатнинг бешинчи бандида БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ устуворлигига риоя этиш лозимлиги эслатилган.
С.Раҳимов, ЎзА