Хитой тиббиёти: анъана ва инновация уйғунлиги
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, халқаро тажрибани жорий этиш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада етакчи давлатлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай ҳамкорлик доирасида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази делегациясининг Хитойга амалга оширган ташрифи муҳим воқеалардан бири бўлди.
Сафар давомида делегация Хитой тиббиёт фанлари академиясига қарашли “Фувай” тиббиёт марказида бўлди. Ушбу муассаса дунёдаги етакчи кардиология марказларидан бири ҳисобланади.
Учрашувда кардиология ва педиатрия соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, хорижий хитойликлар хайрия жамғармаси билан амалий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар натижасида кардиология марказига жарроҳлик автомобилини гуманитар ёрдам сифатида тақдим этиш бўйича келишувга эришилди. Бу эса тиббий хизматларнинг тезкорлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қайд этиш жоизки, Хитой тиббиёти дунёда ўзининг кўп асрлик тарихи ва самарали ёндашуви билан машҳур. У икки асосий йўналиш — анъанавий ва замонавий тиббиёт уйғунлигига асосланади.
Анъанавий хитой тиббиётида акупунктура (игна терапияси), фитотерапия (ўсимликлар билан даволаш)
массаж ва энергия мувозанатини тиклаш усуллари кенг қўлланилади.
Замонавий Хитой тиббиёти эса юқори технологиялар, сунъий интеллект, роботлаштирилган жарроҳлик ва инновацион диагностика усуллари билан ажралиб туради. Айниқса, кардиология соҳасида минимал инвазив амалиётлар ва юқори аниқликдаги ташхис усуллари кенг жорий этилган.
Хитой билан тиббий ҳамкорлик Ўзбекистон учун ҳам бир қатор йўналишларда, айниқса, кардиология ва педиатрия каби аҳоли саломатлиги учун муҳим соҳаларда катта аҳамият касб этади.
Делегациянинг “Фувай” марказининг Юньнань провинциясидаги тиббиёт муассасаларида қўлланилаётган илғор муолажа усуллари билан танишиши орқали маҳаллий мутахассислар замонавий ёндашувларни бевосита ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тиббий ҳамкорлик изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилар экан, бундай ташрифлар ва келишувлар нафақат тажриба алмашиш, балки миллий соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.
Илғор технологиялар ва бой анъаналар уйғунлигига асосланган Хитой тиббиёти тажрибасини жорий этиш эса келгусида мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини янада оширишга замин яратади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА