Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Дастлаб депутатлар “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчилар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Лойиҳа билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсиялари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, ушбу пенсияни тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибига оид нормаларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, ҳарбий хизматда 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга ошириш, шунингдек, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн бараваридан келиб чиқиб ҳисоблаш амалиётини ўн икки бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Тақдим этилаётган имтиёзлар Ватанимиз ва халқимиз хавфсизлигини таъминлашда узоқ йиллар фидокорона хизмат қилган, фидойилик кўрсатган ҳарбийларимизни қўшимча рағбатлантириш, ёшларимизда бу соҳага бўлган меҳр ва иштиёқни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби мақсадларни назарда тутган.
Муҳокамаларда бир қатор депутатлар, фракциялар раҳбарлари қонун лойиҳаси қабул қилинишининг бугунги кундаги аҳамияти, долзарблиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга пенсия тайинлаш борасидаги амалиёт 90-йиллардаги ҳужжатлар асосида қолиб кетгани, ўтган йиллар давомида ушбу соҳадаги муносабатлар яхлит қонун доирасида бирлаштирилмагани камчилик сифатида айтиб ўтилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлиги ва ҳарбий хизмат жозибадорлигини ошириш, пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни аниқ тартибга солишга хизмат қилади. Шунингдек, соҳага ёшларнинг қизиқиши ва интилишини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА