Ҳар қарич ерга илм асосида ёндашиш зарур
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент вилоятида мавсумий дала ишлари билан танишди. Дастлабки манзил Пискент туманида жойлашган, уруғчиликка ихтисослашган “Искандаров Сардор тараққиёт” МЧЖга қарашли дала майдонлари бўлди.
Мазкур хўжалик тасарруфида жами 86 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, бугунги кунда унинг 35 гектарида замонавий агротехнологиялар асосида, хусусан, қизил рангли плёнка остига “Шинжон” усулида чигит экиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ёндашув нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки сув ва ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир. Танишув жараёнида вазир дала бошида фермерлар, мутахассислар ва туман раҳбарияти иштирокида амалий семинар ўтказди. Унда замонавий пахтачиликда агротехник талабларнинг муҳим жиҳатлари атрофлича муҳокама қилиниб, бевосита дала шароитида амалий кўрсатмалар берилди.

Хусусан, вазир “Шинжон” агротехнологиясининг афзалликларига тўхталар экан, нега айнан ушбу усул танлангани, шунингдек, жорий йилдан бошлаб рангли плёнкалардан фойдаланишнинг илмий ва амалий асосларини изоҳлаб берди.
Семинар давомида энг муҳим жиҳатлардан бири сифатида томчилатиб суғориш тизимини тўғри жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вазир кўплаб фермерлар йўл қўяётган хатога тўхталиб, шлангларни ён қаторларга эмас, қўшқатор ўртасига жойлаштириш зарурлигини қатъий таъкидлади. Чунки айнан шу усул орқали сув ва ўғитлар тенг тақсимланиб, ўсимликнинг тўлиқ озиқланиши таъминланади. Шунингдек, плёнканинг икки томонини зич ёпиш, экишдан аввал ер майдонини мукаммал текислаш каби оддий кўринган, аммо натижага бевосита таъсир қилувчи агротехник талаблар ҳам алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Бекобод туманидаги пиллачилик билан шуғулланадиган “Маллабой” МФЙда амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Ҳозир аҳоли бандлигини таъминлаш, хонадонларда қўшимча даромад манбаларини яратиш борасида мазкур маҳалла намунали ҳудудлардан бири сифатида эътибор қозонган.
Маҳалла бўйича ҳозирда 200 қути пилла боқилмоқда. Жараён изчил давом этиб, умумий ҳисобда минг қутигача етказилиши режалаштирилган. Бу эса ҳудудда пиллачиликни тизимли йўлга қўйиш, хонадонлар кесимида барқарор даромад манбаини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Аҳамиятлиси, парваришнинг муайян босқичидан сўнг пиллалар 5 та марказлашган пиллахонага кўчирилади. Ташриф давомида вазир 60 қути пилла парвариш қилинаётган хонадон фаолияти билан яқиндан танишди. Хонадон эгалари томонидан ипак қурти парвариши бўйича амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар ҳамда кутилаётган натижалар юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур жараёнларда меҳнат, тажриба ва масъулият уйғунлиги яққол намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, мазкур хонадонда томорқадан самарали фойдаланиш ҳам эътибордан четда қолмаган. Атиги 2 сотих ер майдонида бақлажон экинлари томчилатиб суғориш технологияси асосида етиштирилмоқда.

Вазир ушбу тажриба билан танишиб, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш орқали оилавий даромадни ошириш мумкинлигини алоҳида қайд этди.

А.Мусаев, ЎзА