Ҳар қандай ислоҳотнинг қиймати қоғоздаги рақамларда эмас, одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда акс этиши лозим
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар инсон фаровонлиги ва унинг қадр-қимматини оширишга қаратилган. Жумладан, уларнинг асосини давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Инсон қадри учун" деган тамойил ташкил этмоқда.
Буларнинг энг муҳим натижаси давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабат мазмуни ўзгарганида кўринади. Бугунги кунга келиб, давлат органининг ўзи муаммони аниқлаши, маълумотни идоралараро тизимдан олиши ва хизматни қулай шаклда тақдим этиши керак, деган ёндашув мустаҳкамланмоқда. Бу оддий ташкилий ўзгариш эмас, балки давлат бошқарувининг мақсади ва масъулиятини қайта белгилаётган ислоҳотдир.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тизими мазкур ўзгаришнинг муҳим механизмларидан бири бўлди. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ҳамда республика бўйича фаолият юритаётган Халқ қабулхоналари фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини амалий мазмун билан бойитди. Айни пайтда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳам замонавий талаблар асосида такомиллаштирилмоқда.
Мурожаатлар билан ишлашнинг таҳлилий аҳамияти шундаки, ҳар бир ариза фақат битта шахснинг хусусий муаммоси сифатида эмас, балки муайян соҳадаги тизимли камчилик ҳақидаги маълумот сифатида кўрилади. Эндиликда ушбу механизм янада кучайтирилди. Кўриб чиқиш муддати ўтган мурожаатни автоматик равишда юқори турувчи органга ўтказиш, мурожаатларни “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга ажратиш, шунингдек, давлат органлари раҳбарларининг бу борадаги ҳисоботларини парламент ва маҳаллий кенгашларда мунтазам эшитиш тартиби жорий этилди.
Натижада мурожаатлар билан ишлаш фақат хатга жавоб бериш жараёнидан бошқарув қарорларини шакллантирадиган доимий таҳлил манбаига айланмоқда.
Сўнгги йилларда давлат хизматлари кўлами 10 баравар ошди. Уларнинг 80 фоизи онлайн шаклда кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, 2025 йилнинг ўзида тадбиркорлик фаолиятига оид 2 мингдан ортиқ мажбурий талаб бекор қилинди.
Бу рақамларнинг асосий мазмуни хизматлар сонининг кўпайиши билангина чекланмайди. Идоралараро маълумот алмашинувининг кучайиши фуқародан бошқа давлат органида мавжуд маълумотнома ёки ҳужжатни қайта талаб қилиш амалиётини қисқартирмоқда. Проактив хизмат эса фуқаро ариза бергандан кейин эмас, тегишли ҳаётий ҳолат юзага келган пайтда давлатнинг ўзи хизматни таклиф этишини англатади. Демак, рақамлаштиришнинг чуқур мазмуни мавжуд бюрократик тартибни электрон шаклга кўчириш эмас, балки уни қайта кўриб чиқиш ва ортиқча босқичларни бекор қилишдан иборат.
Очиқлик ва жамоатчилик назорати соҳасида ҳам янги ҳуқуқий механизмлар шаклланди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши, давлат органлари очиқ маълумотларининг кенгайтирилиши, “Очиқ бюджет” орқали аҳолининг маҳаллий лойиҳаларни танлашда иштирок этиши бошқарув қарорларининг ижтимоий асосланганлигини оширди. «E-qaror» тизими орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қилган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш, рўйхатга олиш ва эълон қилиш ягона электрон жараёнга ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқбузарликларнинг оқибатини бартараф этиш билан бирга, уларнинг олдини олишга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, давлат органларида ички назорат тузилмалари йўлга қўйилди, коррупциявий хавфларни баҳолаш ҳамда давлат харидлари ва бюджет маълумотларини очиқ эълон қилиш тизими жорий қилинди.
Қонун устуворлигини таъминлашда 2023 йилда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция туб бурилиш ясади. Унда Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани белгиланди, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши мустаҳкамланди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар эса конституциявий кафолатларни ҳимоя қиладиган институтларни кучайтирди. Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу ўзгаришлар суд тизимида ихтисослашувни кучайтириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилди.
Айниқса, маъмурий судларнинг ташкил этилиши фуқаро ва тадбиркорга давлат органининг ноқонуний қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан мустақил судга мурожаат қилиш имконини берди.
Бу институтнинг амалий натижаси аниқ рақамларда ҳам кўринади. 2025 йилда маъмурий судлар 17 714 та оммавий-ҳуқуқий низони кўриб чиқиб, 6 999 та фуқаро ва юридик шахснинг ҳуқуқларини тиклади. Маъмурий органлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари устидан берилган 8 646 та ариза ва шикоят кўриб чиқилиб, 3 730 та қарор ҳақиқий эмас деб топилди.
Жиноят процессида тергов судьяси институтининг жорий этилиши ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлди. Энди қамоққа олиш, уй қамоғи, тинтув ўтказиш, мол-мулкни хатлаш, телефон сўзлашувларини эшитиш каби шахснинг конституциявий ҳуқуқларига бевосита таъсир қилувчи қатор процессуал чоралар устидан алоҳида судья назорат олиб боради. Шу тариқа суд назорати ҳуқуқ бузилганидан кейин уни тиклаш билангина чекланмай, судга қадар босқичдаёқ асоссиз чекловнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланган мақсадлари ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини аниқ кўрсаткичлар билан белгилаб берди. Унга кўра, 2030 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш, камида 400 та композит ва проактив хизматни жорий этиш ҳамда 500 га яқин тартиб-таомилни соддалаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, 110 дан ортиқ ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинади ва давлат хизматларининг 20 фоизи хусусий секторга ўтказилади. Бошқарувни аҳолига яқинлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар фаолияти “бюрократия ноль” тамойили асосида ташкил этилади ҳамда республика даражасидаги 250 та функция ва ваколатлар босқичма-босқич маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига берилади.
Бундан кўзланган асосий мақсад – инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат идоралари масъулиятини ошириш ва халққа қулайлик яратишдир. Жараёндаги бош мезон қабул қилинган ҳужжатлар сони эмас, балки уларнинг амалдаги ижроси, тизимнинг очиқлиги ҳамда фуқаролар муаммоларининг қай даражада ҳал этилаётганидир. Бинобарин, ҳар қандай ислоҳотнинг асл қиймати қоғоздаги рақамларда эмас, одамлар ҳаётидаги реал ва ижобий ўзгаришларда акс этиши лозим.
Инобат ҲАКИМОВА,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
бош мутахассиси.
ЎзА