Ҳар бир мурожаат бўйича аниқ ёндашув ва чора-тадбирлар белгиланди.
Боёвут туманида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида сайёр қабул ўтказилиб, фуқаролардан жами 301 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 236 таси Боёвут тумани аҳолисига тегишли бўлиб, ҳар бир масала масъул мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган сайёр қабулда вилоят прокурори, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, туман ҳокими, Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари ҳамда тегишли соҳалар учун масъул раҳбарлар иштирок этди.

Мурожаатларнинг асосий қисми аҳолининг кундалик ҳаёти ва турмуш шароити билан бевосита боғлиқ масалаларга тааллуқли бўлди. Хусусан, уй-жой ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик ва суғориш суви таъминотини яхшилаш, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар, бандлик, кредит олиш, ижтимоий ёрдам ва даволаниш каби масалалар кўтарилди.

Мазкур Сайёр қабулнинг аҳамияти шунда бўлдики, фуқаролар ўз муаммоларини ҳал этиш учун турли идораларга сарсон бўлиб юрмасдан, масъул раҳбарлар иштирокида бевосита мурожаат қилиш имконига эга бўлди. Ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳияти ўрганилиб, уни ҳал этиш бўйича аниқ ёндашув ва чора-тадбирлар белгиланди.

Айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш, ҳужжатларни текшириш ёки бир нечта ташкилот иштирокини талаб қиладиган мурожаатлар эса тегишли масъулларга бириктирилди. Уларни ҳал этиш муддатлари ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Айниқса, аҳолини қийнаётган масалаларнинг сабабларини чуқур ўрганиш, фақат мурожаатга жавоб бериш билан чекланиб қолмасдан, муаммони бартараф этишга қаратилган амалий чораларни кўриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Барча мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди. Келаси ҳафта вилоят ҳокимлигида масъуллар иштирокида ҳар бир мурожаатнинг ҳолати, белгиланган вазифалар ижроси ва эришилган натижалар бирма-бир кўриб чиқилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири