Халқимиз театрни яхши кўради
Мамлакатимизда Халқаро театр куни юқори савияда нишонланди.
Пойтахтимизда театр соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган ижодкорларни шарафлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Юсуфжон Усмонов миллий театримизни ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

Халқаро театр куни – дунё мамлакатлари театр санъати ходимлари ўз касб байрамини нишонлайдиган сана. 1961 йилда ЮНEСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти IX конгрессида таъсис этилган байрам нафақат саҳна усталари, балки томошабинлар, театршунослар, драматурглар ва барча санъат ихлосмандлари учун қувончли кун.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тасдиқланган Маданият концепцияси доирасида Халқаро театр куни муносабати билан 21-27 март кунлари барча давлат театрларида очиқ эшиклар куни ўтказилиши белгиланган. 2018 йилдан буён анъанавий тарзда “Театр томошалари ҳафталиги” ўтказилиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда давлат театрларида турли мавзу ва жанрдаги спектакллар томошабинлар учун бепул намойиш этилмоқда. Жумладан, ҳафталик доирасида 37 та давлат театрлари томонидан 164 та томошалар намойиш этилган бўлиб, ушбу намойишларга 47 минг 250 нафарга яқин томошабинлар ташриф буюрди.
– Халқимиз театрни жуда яхши кўради, - деди Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси халқаро бўлим мудири Ойбек Вейсал ўғли. – Юртдошларимиз “Театр томошалари ҳафталиги” доирасидаги спектакллар намойишига оқиб келди, десак муболаға бўлмайди. Одамлар наинки ушбу ҳафталикда, балки бошқа пайтда ҳам театрларга катта қизиқиш билан келадилар. Давлатимизнинг эътибори, мухлисларнинг меҳри соҳа ривожида алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 27 март – Халқаро театр куни муносабати билан Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган тантанали тадбирда республикамизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлар фаолиятини такомиллаштириш ва соҳада ижодий ҳамкорликни таъминлаш, спектаклларнинг бадиий савиясини ошириш бўйича театрлар томонидан йил давомида амалга оширган ишлар сарҳисоб қилинди.
Театр жамоаларининг миллий рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, ғолиб ижодий жамоалар белгиланган пул мукофотлари билан тақдирланди.
Биринчи ўрин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрига насиб этгани эътиборга молик.

- Бугунги кунда мамлакатимизда исталган эзгу ижодий ғояни амалиётга жорий этиш учун зарур шароитлар яратилган, - деди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри директори Барақат Мамутов. – 2025 йил давомида театримизда ўн битта янги спектакль премьераси бўлиб ўтди. Шунингдек, ўзбек, инглиз тилларида ҳам мусиқий драма, опера, балет саҳнавий асарларини томошабинларга тақдим этдик. Хорижий грантларда қатнашдик. Грузияда бўлиб ўтган халқаро театр фестивалида ғолибликни қўлга киритдик. Ютуқларимизда режиссёрлар, бадиий раҳбар, актёрлар, умуман ижодий жамоадаги барча ходимларнинг ҳиссаси катта. Янги Ўзбекистонда ижод майдонида эркинлик, янгиликлар кўзга яққол ташланмоқда. Буларнинг бари янада каттароқ масъулият билан фаолият юритишга ундайди.
Шунингдек, тантанали тадбирда драматургия соҳасида фаол ижод қилаётган, театр санъатини ривожлантириш ва театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асаралари билан бойитиш йўлида ижод қилаётган театр фидойиларининг катта гуруҳи тақдирланди.
Соҳа ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун таниқли драматург Нурилло Аббосхон Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот билан тақдирланди.
Режиссура соҳасида фаол ижод қилаётган, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш режиссёр Расулжон Тоғайқуловга Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот топширилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда фаолият юритаётган 41 та давлат театрларининг фидойи ижодкорлари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА