Халқаро туризм ва меҳмондўстлик маркази ташкил этилади
Бухорода Австрия тажрибаси асосида халқаро туризм ва меҳмондўстлик марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Туризм — бу фақат тарихий обидаларни томоша қилиш эмас, балки мамлакатнинг дунёга очилган эшиги, халқнинг маданияти ва меҳмондўстлигини намоён этувчи, иқтисодий тараққиётга кучли туртки берувчи муҳим соҳадир. Бу эшикдан кирган ҳар бир сайёҳни нафақат тарихий ёдгорликлар, балки сифатли хизмат, самимий муомала, қулай шароит ва унутилмас таассуротлар ҳам кутиб олиши керак. Зеро, сайёҳнинг бир мамлакат ҳақидаги тасаввури кўпинча у ерда кўрган манзаралари билан бирга, унга кўрсатилган эътибор ва хизмат даражаси орқали шаклланади.
Асрлар давомида илм-фан, савдо-сотиқ ва маданият маркази сифатида дунёга танилган Бухоро бугун ҳам ўзининг бой тарихий мероси, бетакрор меъморий қиёфаси ва зиёрат туризми имкониятлари билан хорижлик меҳмонларни ўзига жалб этмоқда. Бироқ замонавий туризм тараққиёти тарихий мероснинг ўзи билангина чекланиб қолмайди. У малакали кадрлар, замонавий бошқарув, халқаро стандартларга мос хизматлар ва меҳмонлар эҳтиёжини чуқур англайдиган мутахассисларни талаб этади.
Шу боис Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари асосида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро вилоятида амалга оширилаётган навбатдаги амалий ишлар ҳам ана шу мақсадларни рўёбга чиқариш, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Австриянинг Кремс амaлий фанлар университети вакиллари Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Ташриф доирасида ўтказилган учрашувларда таълим, туризм ва меҳмондўстлик соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда соҳа учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири таълим муассасаси негизида Халқаро туризм ва меҳмондўстлик марказини ташкил этиш концепцияси бўлди. Бу ташаббусни оддий таълим лойиҳаси сифатида эмас, балки Бухорода туризмни ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида баҳолаш мумкин.


Чунки замонавий туризмда рақобат фақат меҳмонхоналар сони, тарихий объектлар жозибадорлиги ёки сайёҳлар оқими билан белгиланмайди. Хизмат кўрсатиш маданияти, хорижий тилларни билиш, меҳмонлар билан самарали мулоқот қилиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш, ресторан ва меҳмонхона хўжалигини замонавий талаблар асосида бошқариш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро марказнинг ташкил этилиши ана шу эҳтиёжларга тизимли ёндашиш, назарий билимни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш ва маҳаллий кадрларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш учун янги имкониятлар яратиши мумкин.
Туризм соҳасида энг замонавий меҳмонхона ёки энг чиройли ресторанни барпо этиш мумкин. Аммо меҳмонни самимий кутиб оладиган, унинг эҳтиёжини тушунадиган, муаммосини тез ва маданиятли ҳал қиладиган малакали ходим бўлмаса, бундай инфратузилманинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш қийин. Шу нуқтаи назардан, Австрия университети вакиллари билан ўтказилган учрашувларда меҳмонхона ва ресторан хўжаликларида фаолият юритаётган ходимларнинг малакасини ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда илғор хорижий тажрибани таълим жараёнига кенг татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Бу борада таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, меҳнат бозори талабларидан узилган таълим тизими замонавий корхоналар эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди. Аксинча, иш берувчиларнинг талаблари ўқув дастурларида ўз ифодасини топса, талабалар ўқиш давридаёқ амалиёт билан танишса, битирувчиларнинг ишга жойлашиш имкониятлари ҳам кенгаяди.


Бундай ёндашув ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш билан бирга, иш берувчиларнинг малакали ходимларга бўлган эҳтиёжини қондириш, хизмат кўрсатишда учрайдиган камчиликларни бартараф этиш ва соҳа корхоналарининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ташриф давомида Бухоро шаҳридаги янги “Poykent Bukhara Old City” меҳмонхонасида Австрия университети вакиллари, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, тегишли масъул ташкилотлар ҳамда вилоятдаги йирик меҳмонхона бизнеси вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда туризм ва меҳмондўстлик соҳасида мавжуд муаммолар, иш берувчиларнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжи, таълим ва ишлаб чиқариш амалиёти ўртасидаги интеграцияни кучайтириш масалалари муҳокама қилиниб, таклифлар тингланди. Бундай мулоқотларнинг аҳамияти шундаки, соҳадаги муаммоларни фақат назарий ёндашув орқали эмас, балки меҳмонхоналар ва ресторанлар фаолиятидаги реал эҳтиёжлар асосида ўрганиш имкони пайдо бўлади. Иш берувчи қандай мутахассисга муҳтож? Ходим қайси кўникмаларни эгаллаши зарур? Таълим дастурларида нималарни такомиллаштириш керак? Халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этишда қайси жиҳатларга устуворлик бериш лозим? Ана шу саволларга аниқ ва амалий ечимлар топилиши марказ фаолиятининг самарадорлигини белгилайди.
Шунингдек, хорижий тажрибани шунчаки кўчириб олиш эмас, балки уни Бухоронинг ўзига хос тарихи, миллий меҳмондўстлик анъаналари, сайёҳлар таркиби ва меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш муҳимдир. Зеро, халқаро стандартлар маҳаллий қадриятларни инкор этмаслиги, аксинча, уларни замонавий хизмат кўрсатиш маданияти билан бойитиши лозим.
Учрашув якунида Халқаро туризм ва меҳмондўстлик марказини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, педагоглар малакасини ошириш ҳамда таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш юзасидан келишувларга эришилди.


Эндиликда ушбу режаларни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш муҳим вазифа бўлиб қолади. Бунинг учун марказнинг таълим йўналишлари ва ўқув дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш, талабалар учун амалиёт ўташ имкониятларини кенгайтириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва ҳамкорлик самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилаш мақсадга мувофиқ.
Агар таълим жараёни меҳмонхона ва ресторанлар амалиёти билан узвий боғланса, талабалар фақат назарий билим билан чекланиб қолмайди. Улар меҳмонларни қабул қилиш, бронлаш тизимлари билан ишлаш, сервис маданияти, таомнома тузиш, хизматлар сифатини назорат қилиш ва халқаро мижозлар билан мулоқот қилиш каби кўникмаларни ҳам эгаллайди. Натижада иш берувчига керакли билим ва тажрибага эга кадрлар етиб боради, ёшлар учун эса муносиб иш ўринлари ва касбий ўсиш имкониятлари кенгаяди. Бу жараён туризм соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш билан бирга, ҳудуд иқтисодиётида қўшилган қиймат яратишга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Бухоро жаҳон сайёҳлик харитасида алоҳида ўринга эга. Унинг қадимий мадрасалари, масжидлари, мақбаралари, тарихий маҳаллалари ва миллий ҳунармандчилик анъаналари катта қизиқиш уйғотади. Бироқ бу бойликни барқарор иқтисодий натижага айлантириш учун сайёҳга таклиф этилаётган хизматлар ҳам тарихий мероснинг қадрига муносиб бўлиши зарур.
Халқаро туризм ва меҳмондўстлик маркази ташаббусининг истиқболи ҳам айнан шунда. Унинг самарали йўлга қўйилиши кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш ва маҳаллий туризм бизнесининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга туртки бериши мумкин.
Энг муҳими, бугунги саъй-ҳаракатлар эртанги кун учун малакали мутахассислар захирасини яратишга қаратилган. Чунки сайёҳни Бухорога олиб келадиган омиллар кўп бўлиши мумкин, аммо унинг яна қайтиб келиш истагини уйғотадиган жиҳатлардан бири — унда қолган таассуротдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири