Халқаро стандартлар – маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширишнинг муҳим омили
Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб, истеъмолчиларнинг маҳсулот сифати ва хавфсизлигига бўлган талаби ортиб бормоқда. Мамлакатимизда халқаро стандартларни жорий этиш, маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларга яратилаётган енгилликлар ҳақида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи Лазизбек Саидорипов ЎзА мухбирининг саволларига жавоб берди.
— Лазизбек Фурқатжонович, бугунги глобаллашув даврида халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш қай даражада аҳамиятли? Бу борада мамлакатимизда қандай кўламдор ишлар амалга оширилмоқда?
— Бугунги кунда ташқи бозорга чиқиш истагида бўлган ҳар бир корхона учун фақатгина маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Маҳсулотнинг сифати, хавфсизлиги, экологик талабларга мувофиқлиги ва ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Халқаро стандартлар маҳсулот сифатини ягона талаблар асосида таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва хорижий ҳамкорлар ишончини қозониш имконини беради.
Шу боис мамлакатимизда стандартлаштириш тизимини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда 464 та халқаро стандарт давлат тилига таржима қилиниб қабул қилинди. Шунингдек, 2 992 та халқаро, 113 та Ўзбекистон миллий ҳамда 39 та хорижий мамлакат стандарти қабул қилинди.
Ҳозирги кунда республикамиздаги 63 311 та саноат корхонасининг 6 464 тасида (10,2 фоиз) халқаро стандартлар жорий этилган. Бунда Тошкент шаҳри (1 247 та), Самарқанд (670 та) ва Фарғона (534 та) вилоятлари етакчилик қилмоқда. Жорий этилган стандартлар орасида ISO 9001, ISO 14001 ва ISO 45001 каби тизимлар юқори салмоққа эга.
— Халқаро ва хорижий стандартларни республикамиз ҳудудида қабул қилиш ва амалиётга жорий этишнинг ҳуқуқий механизмлари ва тартиби қандай йўлга қўйилган?
— Халқаро стандартларни тарқатиш ва қабул қилиш Агентлигимиз ҳузуридаги Ўзбекистон стандартлар институти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 мартдаги 220-сон қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида амалга оширилади.
Ушбу тартибга кўра, халқаро стандартлар миллий стандартлар сифатида давлат тилида ва стандартнинг асли ёзилган тиллардан бирида қабул қилиниши мумкин. Бунда миллий манфаатлар, иқлимий шароитлар, ишлаб чиқариш хусусиятлари ва тадбиркорлик муҳити албатта инобатга олинади. Халқаро стандартлар айнан ўхшаш (IDT), модификацияланган (MOD) ва эквивалент бўлмаган (NEQ) шаклларда қабул қилинади.Стандартларга эҳтиёж сезаётган тадбиркорларимиз Ўзбекистон стандартлар институтига мурожаат қилишлари мумкин.Қолаверса, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида амалда бўлган стандартлар каталоги тўлиқ рақамлаштирилган ва институтнинг расмий веб-сайти орқали очиқ танишиш имконияти яратилган.
— Ўтган 2025 йил ва жорий 2026 йилнинг 9 ойлик даврида бу борада қандай амалий натижаларга эришилди ва келгусида тизимда қандай устувор вазифалар белгиланган?
— 2025 йилда 1 689 та корхонага 3 382 та менежмент тизими стандарти жорий қилиниб, тегишли сертификатлар расмийлаштирилди. Энг юқори кўрсаткичлар қурилиш соҳаси (1 156 та), озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (148 та) ҳамда енгил саноатга (107 та) тўғри келди.
2026 йилда эса яна 1 500 та корхонада халқаро тан олинган менежмент тизими стандартларини жорий этмоқдамиз. Шу мақсадда вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда тармоқ жадваллари тасдиқланган. Режага мувофиқ, енгил саноатда 481 та, қурилишда 379 та, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигида 373 та корхона қамраб олинади. Стандартлар кесимида асосий эътибор ISO 9001 (1 244 та), ISO 14001 (161 та), ISO 45001 (138 та), шунингдек, GLOBAL G.A.P., OEKO-TEX ва HALAL каби нуфузли халқаро талабларни жорий этишга қаратилади.
— Экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва уларга хорижий сертификатларни олиш жараёнини соддалаштириш бўйича қандай енгилликлар яратилмоқда?
— Асосий эътиборимиз маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган. Масалан, Европа ва бошқа ривожланган бозорларга чиқишда талаб этиладиган CE маркировкасини расмийлаштириш бўйича 12 та корхона билан амалий ишлар олиб борилиб, 4 тасига бевосита ёрдам кўрсатилди. Хусусан, “Termo-Tech” МЧЖга Чехиядаги нотификацияланган орган орқали CE маркировкаси олиб берилди ва натижада корхона ўз маҳсулотларини Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ ва Канада каби бозорларга экспорт қилиш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари, жараёнларни рақамлаштириш мақсадида “Техник тартибга солиш” (TRIS.UZ) миллий ахборот тизимида электрон хизматлар жорий этилди. Эндиликда тадбиркорлар хорижий сертификатларни олиш учун тизим орқали авторизациядан ўтиб, аризани электрон шаклда юборишлари кифоя.
Бизнинг олий мақсадимиз — “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги нуфузини ошириш ва миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашдир.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
ЎзА мухбири Ҳамроз Баянов суҳбатлашди.