Халқ дарди депутат эътиборида
Демократик жамиятда давлат ва халқ ўртасидаги ишонч, аввало, очиқ мулоқот ва амалий натижа орқали мустаҳкамланади. Инсоннинг дардини эшитиш, унинг мурожаати ортида турган муаммони чуқур ўрганиш ва ечимини топиш эса халқ вакили зиммасидаги энг муҳим вазифалардан биридир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни қоғозда қолдирмасдан, уларнинг амалий ечимини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова Бухоро шаҳридаги “Тошмасчит” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла еттилигининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашув давомида маҳалла еттилигининг фаолияти, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Энг муҳими, мулоқот қуруқ ҳисобот ва умумий рақамлар билан чекланиб қолмади. Фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қийнаётган масалаларга эътибор қаратилди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, бир оиланинг ташвиши ёки кундалик ҳаётига таъсир қилаётган муаммо борлиги инобатга олинди.
Кўтарилган масалаларни қонуний тартибда ҳал этиш мақсадида тегишли масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.
Бу эса мурожаатни қабул қилиш билан иш тугамаслигини англатади. Аксинча, муаммонинг илдизини аниқлаш, унинг ҳуқуқий асосларини ўрганиш, масъул идоралар олдига масалани қўйиш ва натижасини назорат қилиш — халқ вакили фаолиятининг муҳим қисми ҳисобланади.

Айниқса, 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамият юксалиши йили” деб белгилаш ташаббуси маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада кучайтириш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, бандлик ва ижтимоий масалаларга манзилли ёндашиш учун муҳим вазифаларни белгилаб бермоқда.
Депутатнинг асосий вазифаси фақат қонун ижодкорлиги билан чекланмайди. У сайловчилар билан мулоқот қилиши, уларнинг муаммоларини ўрганиши, қонунларнинг ҳаётда қандай ишлаётганини кўриши, зарур ҳолларда тегишли ташкилотлар олдига аниқ масалаларни қўйиши ҳам керак.
Шу маънода, Тошмасчит маҳалласидаги мулоқотнинг аҳамияти шундаки, аҳоли томонидан кўтарилган масалалар масъул ташкилотларга депутатлик сўрови орқали етказилмоқда. Демак, мурожаатлар ҳуқуқий механизмлар асосида ечим топиши учун амалий қадам қўйилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири