“Ҳалол” сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 383,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистоннинг Польшага экспортида тўқимачилик, мис, пластмасса, минерал ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари муҳим ўрин тутади. Польшадан эса мамлакатимизга саноат ускуналари, фармацевтика, косметика ва электр жиҳозлари етказиб берилади.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда, диний-маърифий соҳада тажриба алмашиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда “Ҳалол” стандартлари ва сертификатлаштириш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Меҳмонга Ўзбекистонда диний таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан “Ҳалол” сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти (SMIIC) стандартларини жорий этиш ҳамда Польша стандартлаштириш ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Таъкидланганидек, “Ҳалол” стандартлари ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий йўналишда тажриба алмашиш ва истиқболли соҳаларда амалий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувга эришди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА