Гуландом Субхонова: менга тақилган “Дўстлик” ордени ўзбек-тожик дўстлиги нишонаси деб биламан (+видео)
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ўзбекистонлик ва тожикистонлик маданият ва санъат соҳаси вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳақида хабар бергандик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Тожикистон Республикаси Суғд вилояти “Нури ниёгон” шашмақом ансамбли раҳбари Шуҳратжон Набиев Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, Тожикистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикасидаги тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субхонова Тожикистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Гуландом Субхонова ЎзА мухбирига интервью бериб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ушбу юксак унвон ўзбек ва тожик халқлари муносабатларини янада ривожлантиришга туртки бўлишига ишонч билдирилди.

– Ҳаётимда яна бир қувончли воқеа рўй берди. Президентларимизнинг оқилона сиёсатлари туфайли бугун “халқимиз, элимиз” деб айтадиган шиорлар ҳақиқатга айланди. Менинг кўксимда ҳурматли Эмомали Раҳмон фармонига биноан тақилган Тожикистон Республикаси “Дўстлик” ордени турибди. Бу икки давлат дўстлиги нишонаси деб биламан. Ушбу юксак унвон, билдирилган ишонч мени икки халқ равнақи учун куч-ғайратимни сафарбар этиб, ишлашимга туртки бўлади, – деди Республика тожик миллий маданий марказ раиси.
Батафсил интервьюни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда томоша қилинг.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Ўзбекистонда “Тожикистон маданияти ва киноси кунлари” бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар 29 март кунига қадар давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1YS7BDifb1o" title="Gulandom Subxonova: menga taqilgan “Do`stlik” ordeni o`zbek-tojik do`stligi nishonasi deb bilaman " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Искандар ИСМАТОВ (видео), ЎзА