Грузия ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Батумида учрашди
Грузия ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Батумидаги биринчи қўшма учрашуви якунланди.
“АзерТАЖ” хабарига кўра, Грузия ТИВ хабарига кўра, учрашувда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди.
Биринчи қўшма учрашувда Грузия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик муносабати динамикаси муҳокама қилинди, умумий манфаатларга асосланган сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Европа ва Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда Грузия ва Марказий Осиё мамлакатларининг ролини таъкидлаб, Ўрта йўлак салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан иқтисодиёт, савдо, транспорт ва туризм каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш имконияти таҳлил қилинди.
А.Маматов, ЎзА