Ғоя, ташаббус ва амалий натижа бир майдонда уйғунлашди
Сирдарё вилояти ёшларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда инклюзив муҳитни ривожлантиришга қаратилган “VoiceUp – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳи Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Zomin Sunrise” болалар ёзги оромгоҳида юқори савияда ташкил этилди. Уч кун давом этган ушбу лойиҳа нафақат ўқув-амалий майдон, балки ёшлар учун ўзини намоён этиш, эркин фикр билдириш ва янги дўстлар орттириш имконини яратган муҳим ижтимоий платформага айланди.
Оромгоҳнинг илк куни иштирокчиларни кутиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнлари билан бошланди. Самимий ва дўстона муҳит ёшларнинг бир-бири билан тезда яқинлашишига хизмат қилди. Шунингдек, улар ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритувчи ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Расмий очилиш маросимида оромгоҳнинг мақсад ва вазифалари, дастури ҳамда иштирок қоидалари ҳақида батафсил маълумот берилди, иштирокчилар менторлар билан таништирилди.

Куннинг иккинчи ярмида ўтказилган мазмунли тренинглар ёшларда муҳим билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди. Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя соҳасида давлат сиёсати” мавзусидаги машғулотлар давомида иштирокчиларга инклюзив таълим, “камбағаллик реестри”, болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия муҳокама қилиниб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Психологик машқлар ва ролли ўйинлар орқали иштирокчиларнинг жамоада ишлаш, мулоқот қилиш ва ўзаро тушуниш кўникмалари янада мустаҳкамланди.
Иккинчи кун “ғоялардан амалий лойиҳаларга” тамойили асосида бошланди. Иштирокчилар ўз ташаббусларини аниқ лойиҳаларга айлантириш устида ишладилар. Менторлик сессиялари давомида лойиҳа таёрлаш ва уни ривожлантиришнинг муҳим босқичлари — мақсад ва вазифаларни белгилаш, кутилган натижаларни аниқлаш, ресурсларни режалаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг ёшлар гуруҳларга бўлиниб, болалар камбағаллиги, хавфсиз болалик, инклюзия ва волонтёрлик каби долзарб йўналишларда иш олиб бордилар. Қизғин муҳокамалар ва жамоавий иш жараёнида қатор инновацион ғоялар илгари сурилди. Куннинг энг муҳим қисми — лойиҳалар тақдимоти бўлиб, иштирокчилар ўз ишланмаларини экспертлар ва менторлар олдида ҳимоя қилиб, амалий тавсиялар олдилар. Кечга яқин ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини эса нафақат билим синови, балки жамоавий руҳни мустаҳкамловчи, иштирокчиларни янада яқинлаштирувчи қизиқарли жараён бўлди.
Оромгоҳдаги учинчи куни энг муҳим ва мазмунан бой босқичлардан бири сифатида ёдда қолди. Анъанавий нонуштадан сўнг иштирокчилар “Болаларнинг бугуни ва келажагини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббус ва ечимлар” мавзусида очиқ мулоқотда иштирок этдилар. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев иштирок этиб, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борди.

Мулоқот давомида иштирокчилар ўз лойиҳаларини тақдим этиб, болалар фаровонлиги, хавфсизлиги ва инклюзив жамиятни ривожлантиришга қаратилган таклифлари билан ўртоқлашдилар. Бу жараён ёшларнинг овози эшитилаётгани ва уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланаётганининг амалий ифодаси бўлди. Шунингдек, иштирокчиларга мутахассислар томонидан қимматли маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Лойиҳани амалга ошириш жараёни ҳам изчил ва босқичма-босқич ташкил этилди. Аввало, махсус ишчи гуруҳ шакллантирилиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шундан сўнг туман ва шаҳарларда кенг қамровли тарғибот ишлари бошланди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар ёрдамида ёшларга лойиҳа мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Айниқса, ногиронлиги бўлган ёшлар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Натижада вилоят бўйича 77 нафар ёш “VoiceUp” платформаси орқали рўйхатдан ўтди. 2026 йил 6 март куни номзодлар билан суҳбат жараёнлари ўтказилиб, саралаш ишлари очиқ ва адолатли тамойиллар асосида амалга оширилди. Якунда энг фаол ва ташаббускор 50 нафар ёш иштирокчи саралаб олинди.

– “VoiceUp – 2026” лойиҳаси ёшларни фақат иштирокчи эмас, балки жамиятдаги муаммоларга ечим таклиф қилувчи фаол куч сифатида шакллантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. “Бу ташаббус ёшларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, уларни долзарб масалаларга бефарқ бўлмасликка ундашга қаратилган. Энг муҳими, ёшлар ўз фикрини эркин билдириш, ғояларини такомиллаштириш ва амалий лойиҳаларга айлантириш имкониятига эга бўлмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Чунки айнан шундай инклюзив ёндашув орқали жамиятда тенг имкониятлар муҳитини шакллантириш мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармасининг Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбаси бош мутахассиси Бегойим Холбекова.
Тадбир якунида иштирокчилар тақдирланиб, уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Норасмий мулоқотлар, фикр алмашиш жараёнлари, хотира учун фото ва видеолар оромгоҳ иштирокчилари учун унутилмас лаҳзаларни яратди. Энг муҳими, ёшлар бу ерда орттирган билим, тажриба ва дўстликлар уларнинг келгуси фаолиятида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
“VoiceUp – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳи — бу шунчаки тадбир эмас. Бу — ёшларнинг овози эшитилган, уларнинг ғоялари рағбатлантирилган ва келажакка бўлган ишончи янада мустаҳкамланган ижтимоий майдондир. Ушбу ташаббус ёшларнинг фаоллигини ошириш, ижтимоий масъулиятини кучайтириш ва инклюзив жамиятни барпо этиш йўлида муҳим қадам сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири